Меҳнат кодекси меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган асосий қонун ҳисобланади. Лекин, қабул қилинганига 25 йил тўлган мазкур кодекс бугунги кун талабига жавоб бермай қолди, деб ёзади Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева.

Унинг сўзларига кўра, кодексда фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли хил шаклларининг фаол ривожланиши каби бир қатор масалалар ҳисобга олинмаган. 

“Амалдаги кодекс 294 моддадан иборат бўлиб, унда ишламайдиган ҳаволаки нормалар ҳам талайгина. Сўнгги йилларда меҳнат бозоридаги вазият ҳам ўзгарди, қабул қилинган соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида кўпгина янги институтларни, янги механизмларнинг амалиётга киритилганлиги кодексни янги таҳрирда қабул қилиш заруратини туғдирди”, - дейди у.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, ҳукумат томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси 2 қисм, 34 боб ва 621 моддадан иборат.

Қонун лойиҳасининг асосий жиҳати у тўғридан тўғри ишлайдиган хусусиятга эга бўлиб, қўшимча қонуности ҳужжатларни қабул қилишни талаб қилмайди.

Қайд этилишича, лойиҳада иш берувчи субъектлар сифатида мулкий ва идоравий мансублигидан қатъи назар ташкилотлар, ёллаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ҳамда жисмоний шахслар белгиланмоқда. Мазкур қоиданинг белгиланиши ишчи ўринларининг кўпайишига, норасмий секторда фаолият олиб борувчи шахсларнинг қисқаришига ҳамда уларнинг ҳуқуқларини доимий равишда ҳимоя қилинишига олиб келади.

Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка оид алоҳида бўлимда мазкур муносабатларнинг ҳуқуқий асоси очиб берилмоқда. Ижтимоий шериклик ходимлар, иш берувчилар, ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган иш берувчилар ва ходимлар манфаатларини мувофиқлаштиришдаги ҳамкорликни таъминлашга қаратилган тизимни назарда тутади.

Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ўриндошлик асосида ишловчиларнинг, касаначилар меҳнатининг, масофадан ишловчи ходимларнинг, шунингдек, навбатчилик услубида ишлаётган шахслар меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари батафсил баён этилмоқда.