Иқтисодиёт | 20:16 / 13.09.2020
46828
12 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари: муаммо жиддий, лекин ечими йўқ эмас — Kun.uz’да эълон қилинган видеолавҳани тинглаб...

Яқинда интернет саҳифаларида Kun.uz мухбирлари икки ой давомида Россияда хизмат сафарида бўлиб, ушбу мамлакатда яшаб ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳаёти тўғрисида тайёрлаган  «Кто он — узбекский мигрант?» сарлавҳали видеолавҳани томоша қилдим.

Кинолавҳа балки тақдир тақозоси, балки тирикчилик сабабидан мусофирчиликда Россияда меҳнат қилиб юрган юртдошларимизнинг бегона юртларда оиламни тебратаман, пул топиб ота-онамга моддий мадад кўрсатаман, бола- чақамни боқаман деб ўз ватанини, яқин кишиларини, бахтиёр ҳаётини тарк этишга мажбур бўлган, оғир шароитларда кун кечираётган ватандошларимизнинг тасодиф ва қийинчиликларга тўла таҳликали саргузаштлари, уларнинг ғам-аламга тўлиб-тошган ички кечинмалари ҳақида зўр маҳорат билан ишланган.

Кинолавҳада мухбирлар Ўзбекистон фуқароларининг муҳожирликнинг асл сабабларини, уларнинг аянчли аҳволини, тасодифларга тўла оғир ва машаққатли ҳаётини астойдил очиб беришга ҳаракат қилишган. Унда мамлакатимизда аграр ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилмагани, қишлоқ хўжалигига оид тезкор ва унумли чоралар кўрилмагани, қишлоқ жойларида яшаётган аҳоли тақдирига бефарқ муносабатда бўлиш, меҳнат ресурсларига эътиборсизлик оқибатида кўплаб кишилар ишсиз қолгани ва натижада ўз ватанини тарк этиб, тирикчилик учун бошқа юртларга иш излаб чиқиб кетишга мажбур бўлгани таъкидланган.

Лавҳа шундай катта маҳорат билан ишланганки, уни томоша қилган ва тинглаган ҳар қандай киши юртдошларимизнинг қисматига, уларнинг кулфатларга тўла машаққатли ҳаётига бефарқ қолмайди, изтироб чекади, виждон азобидан қийналади. Шу боис ушбу мавзуга оид ўзимнинг айрим фикр-мулоҳазаларимни очиқ-ойдин баён қилишни лозим топдим.

Муҳожирлик: айбдор ким?

Айрим давраларда иш излаб хорижга чиққан юртдошларимизни қаноатсизликда, енгил-елпи ҳаётга мойилликда, гўёки юртимиздаги қийинчиликларга дош бермасдан, осон йўллар билан мўмай даромад топиш мақсадида ватанини тарк этишда айбдор қилиб кўрсатишга уринадилар. Уларга атаб нақл ҳам тўқишган: «Ўзбекистон тормиди...?»

Аслида ҳам шундайми?

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақилликка эришган даврда қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, унда жами иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 1/3 қисми меҳнат қилар эди, ҳозир эса бу кўрсаткич 26 фоизгача тушди. Шу давр мобайнида қишлоқ аҳолиси таркибида меҳнат ресурсларининг 1,6 мартага кўпайганини ҳам ҳисобга олсак, қишлоқ жойларда меҳнат бозорида ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги номутаносибликнинг янада чуқурлашганини ва ишсизлик даражасининг ошиб бориши табиий жараён эканига амин бўламиз.

Умуман, қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳоли сонининг нисбий қисқариши ва жами иқтисодиётда банд аҳоли сонидаги улушининг пасайиб бориши жаҳон хўжалиги таркибида рўй бераётган глобал тенденцияларга хос бўлиб, Ўзбекистонда ҳам ушбу жараёнлар келгусида жадаллашиши муқаррар.

Иқтисодий жиҳатдан ривожланган Ғарб давлатларида ушбу кўрсаткич 3-5 фоиз атрофидалиги, Германияда эса 2 фоиздан ҳам пастлиги фикримизнинг ёққол далилидир. Бу шуни англатадики, Ғарб деҳқони 20-33 кишини, немис деҳқони 50 кишини, ўзбек деҳқони эса атиги 4 кишини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди.

Келажакда фермер хўжаликлари молиявий аҳволининг яхшиланиб бориши натижасида қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базаси ривожланади ва бандлик даражасининг қисқариш жараёнлари янада жадаллашади ва ушбу омил таъсирида меҳнат бозоридаги вазият янада кескинлашади.

Эркин бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида ўтиш жараёнларини бошидан кечирган барча мамлакатлар тажрибасида бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтишда ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатлари таркибида туб ўзгаришлар зарурлиги бугунги кунда барчамизга аён. Ушбу тизимнинг энг мураккаб, муаммоли ва аҳоли турмуш даражасини шакллантиришда биринчи галда меҳнат муносабатлари аҳамиятга эгалигини истисно этиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам реал ҳаётдаги туб ўзгаришлар биринчи навбатда меҳнат муносабатларига жуда кучли таъсир кўрсатди.

Иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бозор муносабатларига асосланган иқтисодий тизимга хос бўлган, унинг ажралмас қисми ва доимий йўлдоши бўлган ишсизлик феномени юзага келди. Иқтисодиётда кечган объектив жараёнлар оқибатида минглаб, миллионлаб одамлар ишсиз қолди, ўзларининг даромад манбайидан жудо бўлди. Иш ҳақи оила даромадининг яккаю-ягона манбайи бўлган ёлланма ишчилар учун бу ҳақиқий фожиа эди.

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси кескин ошишининг ҳамда собиқ иттифоқдош республикаларига нисбатан янада асоратлироқ кечишининг инкор этиб бўлмайдиган ўзига хос жиҳатлари ва чуқур сабаблари бор эди. Булар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • советлар тизимидан мерос бўлиб қолган ижтимоий соҳанинг беўхшовлиги;
  • советлар ҳукуматининг сунъий яратилган иш ўринлари воситасида аҳолининг тўла бандлигини таъминлаш сиёсати;
  • советлар империясининг емирилиши оқибатида республикалараро латерал (горизонтал) иқтисодий алоқаларнинг издан чиқиши;
  • мураккаб демографик вазият;
  • оила таркибида боқимандалар улушининг катталиги;
  • бозор муносабатларига ўтиш даври қийинчиликлари таъсири остида ишлаб чиқариш ҳажмининг мутлақ қисқариши;
  • иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришлар содир бўлиши;
  • экспорт таркибида хом ашё ресурслари улуши юқорилиги;
  • бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида экстенсив омилларнинг интенсив омилларга алмашуви натижасида ишчи кучи нисбий ортиқчалиги юзага келиши ва ҳоказолар.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида бир неча ўтиш даврини бошидан кечирди.

Биринчидан, қарамликдан мустақилликка ўтиш, бунинг оқибатида империянинг емирилиши ҳамда яхлит организм таркибида кўп йиллик вертикал ва горизонтал иқтисодий алоқалар издан чиқиши натижасида иттифоқ кўламидаги кўплаб йирик-йирик корхоналар ёпилиб кетиши ёки оғир ҳолатга тушиб қолиши.

Иккинчидан, бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтиш, иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришлар, талабнинг кескин қисқариши ва ҳоказолар.

Учинчидан, боқимандалик кайфиятидан ишбилармонлик кайфиятига ўтишнинг муқаррарлиги.

Совет тизимидан мерос бўлиб қолган ижтимоий хулқ-атвор одамларнинг яшаш учун тинимсиз наф келтирадиган меҳнат қилиш кераклиги унутилишига олиб келди. Бозор муносабатлари нафақат тинимсиз нафли меҳнат қилишни, балки тадбиркор бўлишни ҳам талаб этди.

Қадим замонларда бир буюк файласуф ўтиш даврида яшаш азобларидан мени Яратганнинг ўзи асрасин, деган экан.

Бир йўла бир неча мураккаб ўтиш жараёнларини бошидан кечирган Ўзбекистон иқтисодиётида қанчалик оғир, қанчалик мураккаб вазият юзага келганини, кун бўйи тер тўкиб оиласини аранг тебратаётган оддий ишчи учун нақадар аянчли бўлганини тўла тасаввур қилиш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Мантиқий тафаккур ва ақл-идрок билан вазиятни оқилона баҳолашнинг ўзи кифоя қилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда эркин бозор иқтисодий муносабатларини шакллантириш ҳамда ўтиш даврининг табиий қийинчиликлари оқибатида юзага келган ва тобора авж олиб бораётган ишсизликнинг олдини олиш, имкон қадар унинг кўламини жиловлашнинг, яъни ишсизлик муаммосини ҳал қилишнинг оқилона икки йўли бор эди.

Биринчи йўл — бу мамлакатда кўплаб янги иш ўринларини яратиш ва ўтиш даври қийинчиликлари оқибатида барча ишдан бўшаганларни янгидан яратилган иш ўринларига жойлаштириш. Эндигина мустақилликка эришган ва ўтиш даври инқирозини бошидан кечираётган мамлакатда ишсизлик муаммосини узил-кесил ҳал этишда бу йўлдан боришнинг асло имкони йўқ эди. Чунки бунинг учун сифатли ва замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мослашган кўплаб янги завод ва фабрикаларни очиш, катта ҳажмдаги инвестицияларни жалб этиш лозим эди.

Иккинчи йўл — аҳолига бошқа мамлакатларга чиқиб, тирикчилик қилишлари, оиласини боқиш учун имконият яратиб бериш, аниқроғи меҳнат миграциясига йўл очиб беришдан иборат эди. Республикамиз учун ана шундай машаққатли ва беқарор вазиятда ишсиз қолганларнинг бир қисми, номигагина маош олиб юрганлар мана шу иккинчи йўлдан кетишга мажбур бўлишди.

Улар ўз зиммасига жуда катта масъулиятни олиб, ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, она Ватанни тарк этишга, туғилиб ўсган юртидан узоқ-узоқларга иш излаб чиқишга мажбур бўлдилар. Шу боисдан ҳам муҳожирликда ишлаб юрган юртдошларимизга бармоқ учи билан қараш ёки уларни енгил-елпи ҳаётни излашда айблаш калтабинликдан ўзга нарса эмас, деб ҳисоблайман.

Демак, меҳнат миграциясига, унинг сабаб ва оқибатларига ижтимоий адолат юзасидан холисона баҳо берадиган бўлсак, ўша даврларда ўз халқининг бошқа мамлакатларда ишлаб даромад топишига имконият берган давлат учун ҳам, бегона юртларда ишлаб, оиласи учун мусофирчилик масъулиятини, унинг барча хавф-хатарларини мардлик билан зиммасига олган юртдошларимиз учун ҳам ноиложликдан келган мажбурий «илож» эди.

Меҳнат миграциясининг келиб чиқиш сабаблари қанчалик мураккаб, унинг илдизлари қанчалик чуқур бўлмасин, давлатимизнинг, халқимизнинг, қолаверса ҳар биримизнинг унга нисбатан муносабатимиз, унинг келажагига нисбатан аниқ стратегиямиз бўлмоғи лозим. Ушбу стратегия негизида бир томондан меҳнат миграциясининг моддий жиҳатлари, иккинчи томондан эса маънавий-ахлоқий жиҳатлари бўлмоғи лозим.

Юртдошларимиз яна қанча вақт бегона юртларда муҳожирликда яшаб, оила тебратиши керак, деган ҳаётий саволга аниқ жавоб мана шу стратегияда ўз аксини топмоғи лозим.

Шахсан мен иқтисодчи олим сифатида меҳнат миграциясини — Ўзбекистон учун иқтисодий жиҳатдан ўта зарарли, мамлакатимиз равнақи йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида баҳолайман. Маънавий жиҳатдан бой тарихга, ибратли анъаналарга, халқлар ўртасида ўзига хос обрў-эътиборга эга бўлган халқимизнинг шон-шуҳрати ва шаънига тамоман мос келмайдиган воқелик деб қарайман.

Шу сабабли меҳнат миграциясида юрган юртдошларимиз ўз она Ватани бағрига қайтишининг тезкор чораларини кўрсак, бу долзарб муаммони узил-кесил ҳал этишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиб, уларни амалиётга жорий қилсак, буюк халқимиз олдидаги бурчимизни шунчалик тўкис адо этган бўламиз. Ушбу стратегияни амалга ошириш жуда оғир жараён бўлиб, катта сафарбарликни ва албатта узоқ вақтни талаб қилади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида меҳнат миграциясининг кенг қулоч ёйишини мамлакатда фавқулодда юз берган оғир вазият, ночор ҳолат, иложсизликдан кўра кўрилган тезкор илож сифатида қабул қилиш мумкин.

Лекин бугунгача бутун бир авлод туғилиб вояга етди. Агар давлатни мустақилликнинг дастлабки бениҳоя оғир, машаққатли йилларида ва фавқулодда вазиятларида иқтисодий ночор аҳоли қатламларига ёрдам кўрсатишдан кўра меҳнат миграцияси учун эшикларини кенг очиб берганликда айблашга ҳақли бўлмасак-да, орадан шунча йиллар ўтиб, меҳнат миграцияси муаммосини ҳануз ҳал этмаганликда, ҳозирги кунда ҳам сон-саноқсиз юртдошларимиз бегона юртларда иш излаб юргани сабабларини бартараф эта олмаганликда айблашга том маънода ҳақлимиз.

Ўзбекистонда ҳамон давом этаётган ушбу воқеликнинг энг катта айбдорларидан бири — олимлар, айниқса иқтисодий соҳа илми аҳлидир. Айнан улар иқтисодий жабҳанинг бепоён кенгликларида Ўзбекистон учун энг катта самара беришга қодир таянч нуқталари-ю «ўсиш қутблари»ни излаб топишлари, мамлакатни тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқишда халқимизга, давлатимизга яқиндан ёрдам беришлари, янги иқтисодий жараёнларнинг ҳақиқий ташаббускори ва ҳаракатга келтирувчи локомотиви бўлмоқлари шарт.

Албатта, жамият иқтисодчи олимларнинг маслаҳатларига, илмий ғояларига эҳтиёж сезмаган, ўз фикрини эркин баён этиш имкониятидан маҳрум бўлган ўтган давр муаммолар учун замонамиз олимларни айблаш адолат тамойилларига мос келмайди. Лекин ҳозирги ошкоралик даврида, ўз ғояларини ва илмий таклиф ҳамда тавсияларини эркин баён қилишга барча шарт-шароитлар яратиб берилган замонда олимларимизга нима халақит беряпти?

(Давоми бор)

М.Муҳаммедов,

СамИСИ профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.

Мавзуга оид