Ўзбекистон | 20:08 / 15.09.2020
70107
8 дақиқада ўқилади

Дастурчилик касби, унга ўқиш нархлари ва маошлар — дастурчи Ботир Зиятов билан суҳбат

Дастурчилик – жаҳон миқёсида жуда қадрланадиган, келажаги порлоқ ва анчагина даромадли касбга айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам дастурчиликка қизиқиш ортиб бораётганини ҳисобга олиб, муваффақиятли дастурчилардан бири Ботир Зиятов билан суҳбат уюштирдик ва кўплаб ёшларни қизиқтираётган саволларга жавоб олдик.

― Ботир ака, сиз билан кўришишдан олдин иш таклифлари жойланадиган сайтлардаги дастурчилар ва умуман IT соҳасидаги мутахассисларга бўлган талаб ва маошни кўриб, ҳайрон қолдик. Нима учун дастурчилар бунчалик қадрланади?

― Бунга асосий сабаб – IT соҳасининг ривожлангани. Яъни биз доим ҳаётимизда технология билан бирга юрганимиз учун ҳам шундай. Мисол учун, сиз иш қидириш учун қидирув тизимидан фойдаландингиз. Дарров кўчага чиқиб, бирор корхонанинг олдига бормадингиз ёки эълонларни кўрмадингиз. Шунчаки, ўтирган жойингиздан қидирдингиз. Бу қидирув тизимини айнан дастурчилар яратган.

Бундан ташқари, миллионерлар рўйхатидаги бадавлат инсонларнинг кўпи IT соҳасидаги гигантлардир. Мисол учун, Жеф Безос (Amazon), Марк Цукерберк (Facebook), Билл Гейтс (Мicrosoft)... Уларнинг дастурлари доимий ишлаб туриши учун уларга айнан дастурчилар керак.

― Сиз ташкил этган «дастурчилар инкубатори»нинг бошқа марказлардан фарқи нимада?

― Биз уларга дастурлашни бошқача усулда ўргатамиз, яъни уларнинг қўлига реал лойиҳалар берамиз. Ўқувчиларимиз дастурлашни лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўрганишади. Назария ва лекциялар кам бўлиб, улар лойиҳа устида жамоа бўлиб ишлашади. Улар доимо иш жараёнида бўлишади. Бирор корхонага ишга борса ҳам, жамоа бўлиб ишлашда қийналишмайди.

― Содда қилиб тушунтирганда, дастурлаш ўзи нима?

― Кундалик ҳаётимизда кўп шу ҳолатга дуч келамиз. Мисол учун, кимдир билан суҳбатлашсам, нима иш қилишимни сўрайди. Дастурчиман десам, кўпчилик телефон ёки компьютерини кўриб беришимни илтимос қилиб қолишади. Кўпчилик дастурчиларни компьютер ёки телефонни тузатиб берувчи сифатида тушунади. Aслида тузатиш вазифасини бажарувчилар дастурлардан фойдаланишади. Дастурчилар эса улар фойдаланадиган дастурларни яратиб беришади. Улар ижодкорлар ҳисобланадилар.

― Курсларнинг давомийлиги қанча?

― Курслар икки хил: интенсив ва одатий шаклда ташкиллаштирилади. Интенсив шаклда давом этадиган курслар одатда 4 ой, одатий курслар эса 6 ой давом этади. Курслар 4 ойдан кам эмас. Биз боланинг ишлаб кета олиши учун зарур билимларни шунча вақт ичида бера оламиз.

― Дастурчи бўлиш қанчалик қийин, яъни бунга ўзгача билим, хоҳиш керакми? Ҳар ким ҳам дастурчи бўла оладими?

― Дастурчи бўлиш учун хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Очиғини айтсам, дастурчи бўлиш қийин, лекин дастурлашни ўрганиш мумкин.

Жуда кўпчилик маош яхшилиги сабаб дастурчи бўлишни хоҳлайди. Маош сабаб дастурчи бўлишни истаганларнинг кўпи муваффақиятсизликка учраган. Бошида пул эмас, яхши дастурчи бўлиш мақсад қилинса, дастурлашни ўрганиш мумкин.

Бундан ташқари, дастурчи бўлишни хоҳлаган кишида фикрлаш қобилияти яхши бўлиши керак.

― Айтайлик, менда дастурчи бўлишга хоҳиш бор. Сизнинг олдингизга келдим. Менга яна нима керак бўлади?

― Дастурлашга кириб келган вақтингизда сиздан ноутбук талаб қилинади. Биз ўзимиз ҳам ноутбук беришимиз мумкин. Aммо сизнинг ўзингизда доимий ишлашга шахсий ноутбук бўлиши керак.

Шунингдек, сиздан компьютер саводхонлиги ҳам талаб этилади. Ахир дастур тузмоқчи бўлган одам энг оддий дастурлардан фойдаланишни билмаслиги мумкин эмас.

― Дастурлаш тилларининг бир-биридан фарқи нимада ва ҳозирда истиқболи дастурлаш тилларига қайсилар киради?

― Дастурлашнинг алоҳида-алоҳида йўналишлари бор. Мисол учун, веб-сайтлар – дастурлашнинг веб дастурлаш йўналиши, телефонлар эса мобил дастурлаш йўналишида амалга оширилади. Компьютерлар эса десктоп дастурлаш олами, ўйинлар учун ўйин дастурлаш олами кабиларга бўлиниб кетади.

Aйнан шу ерда сиз дастурлаш тилларини танлаб олишингизга тўғри келади. Яъни веб дастурлаш учун сиз php, python, javascript дастурлаш тилларидан бирини танлашингиз мумкин. Ёки мобил дастурлар учун java, swift каби дастурлаш тиллари бор.

Дастурлаш тилларини бир-бири билан солиштириш тўғри эмас. Ҳар бир дастурлаш тилининг ўз мақсади бор.

Ҳозирги кунда жуда кўп дастурчилар ишлатадиган машҳур дастурлаш тиллари – python, javascript ва java кабилардир. Ўзбекистонда эса php, python, java кўпроқ оммалашган.

― Яхши дастурчи бўлишга қанча вақт ва маблағ керак бўлади?

― Яхши дастурчи бўлиш қиммат ҳамда узоқ вақт талаб қилади. Бошловчи дастурчилар курсларни тугатиб, яхши дастурчиман дея олмайди. Чунки яхши дастурчи йиллар давомида шаклланади.

Бошловчи дастурчи даражасига эришиш учун 10–11 миллион сўм маблағ талаб қилинади. Aммо бунча маблағи бўлмаганлар дастурлашни YouTube орқали ўрганишса ҳам бўлади. Фақат бу узоқ вақт талаб қилиши мумкин. Масалан, ўзим ҳам дастурлашни ўргатадиган видеоларни YouTube'га жойлаб бораман.

― Дастурлаш билан шуғулланаётганингизга қанча вақт бўлди?

― Дастурлашни 2009 йилда бошлаганман. 2011 йилдан бошлаб IT корхоналарида дастурчи бўлиб ишлаганман. У пайтда бепул ишлаганман. Шу вақтгача 50дан ортиқ лойиҳада қатнашганман. Буларнинг ичида Ўзбекистондаги йирик лойиҳалар ҳам бўлиб, уларда бош дастурчи бўлганман.

― Ўзбекистонда дастурлашга бўлган талаб қандай ва ёш дастурчилар қанча ойлик олиши мумкин?

― Ўзбекистонда яхши дастурчиларга доим юқори талаб бор. Кўпчилик уларни қидириб юради. Ёш, яъни дастурлашга янги кириб келган дастурчилар 200 доллар атрофида ойлик олади. Улар тажриба орттириш учун бепул ишлашса ҳам бўлади, чунки бошида уларга талаб юқори бўлмайди. Шу ҳолатда сабр қилиб, ёш дастурчи 1 йил ишласа, маоши 800 долларга чиқиши мумкин.

Дастурчиларнинг маоши уларнинг иш тажрибасига тўғридан тўғри боғлиқ.

― Ўзбекистонда кўп йиллик тажрибага эга кучли дастурчиларнинг маоши қанча?

― Ўзбекистонда яхши дастурчиларга 1000–3000 долларгача ойлик беришади. Бу асосан уларнинг қиладиган ишига боғлиқ.

― Ўзбекистонда туриб, чет эл учун ишлаш имконияти дастурлаш соҳасида ҳам борми?

― Ҳозирги кунда чет элдаги IT корхоналари бошқа давлатлардаги арзон ишчи кучини ўша давлатнинг ўзида ишлатишади. Яъни улар ўз дастурларини аутсоурс қилиб, бошқа давлатга чиқаришади. Бунда win-win ҳолати юзага келади, яъни бунда IT корхонаси кам харажат қилади, улар бераётган маош эса дастурчи учун жуда яхши ҳисобланади. Бунда икки томон ҳам ютади.

Ўзбекистонда ҳам ҳатто жамоа бўлиб, ишлаб, ўз хизматини чет элга сотаётган дастурчилар кўпаймоқда. Улар 4000–6000 долларгача даромад олишади.

― Дастурловчи ўқитувчи сифатида Ўзбекистонда ёшларнинг дастурлашни ўрганишга бўлган қобилиятини қандай баҳолайсиз?

― Ўз тажрибамдан айтадиган бўлсам, дастурлашни ўрганадиган болаларни икки тоифага бўлиш мумкин: биринчи тоифадагилар пул топиш учун дастурчи бўлишни истайдиганлар. Иккинчиси – дастурлашга қизиққани учун дастурлашни ўрганишни истайдиганлар. Иккинчи тоифадагиларнинг муваффақият қозониши эҳтимоли кўпроқ.

Ўзбекистонинг турли жойларидан дастурлашни ўрганишга истак билдирганлар бор. Aммо уларнинг баъзиларида маблағ, компьютер бўлмайди ёки баъзи жойларда интернет яхши ишламайди. Умуман олганда, ўзбек дастурчиларининг иқтидори яхши, ҳатто буни чет элда ҳам эътироф этишади.

Маълумот ўрнида, Ботир Зиятов асос солган ўқув маркази билан қуйидаги форма орқали ариза берилса, марказ вакиллари сиз билан боғланишади: https://forms.amocrm.ru/ccrmmm

Манзил: Тошкент шахар Юнусобод тумани Абдулла Қодирий кўчаси 39

Мўлжал: Олой бозори

Веб сайтhttps://proneo.uz/

Телефон: +998 95 341 42 42

Telegram: t.me/proneo_uz

Мавзуга оид