Ўзбекистон | 10:07 / 28.06.2024
10163
7 дақиқада ўқилади

“Янги нарсани ўрганишга ўч бўлиш керак” – олдин Uber, ҳозир TikTok компаниясида ишлаётган ўзбек дастурчиси

Исроил элчихонасига ўт қўйишга уринган талаба ҳақидаги хабарда техник хатолик сабаб сурати алмашиб қолган йигит аслида TikTok’нинг Америкадаги офисида дастурчи бўлиб ишлаётган Дархонбек Маматалиев бўлиб чиқди. У Kun.uz билан суҳбатда қандай қилиб Uber’га, кейин TikTok’га ишга киргани, орттирган тажрибаси ҳақида гапириб берди.

Дархонбек Маматалиев ҳозир 27 ёшда. У Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида туғилиб ўсган. 2015 йилда INHA университететини битириб, 2017 йилда Американинг Super Dispatch копманиясига ишга киришга муваффақ бўлади. Дархонбекнинг Ангрендан Америкагача босиб ўтган йўли ҳақида ўз ҳикояси бор.

Ўқиш давридан фаол талаба бўлганман”

Мактаб ва коллеж таълимини Ангренда олганман. 2015 йилда INHA университетига ўқишга кирдим. Университетни аълога битирдим. Ўқиш даврида янги нарса ўрганишга, янги маҳоратларни ўзлаштиришга жуда қизиққанман. Шунинг учун 1-босқичлигимдаёқ устозим Фарҳод Мусаев билан Codecraft лойиҳасини ишга туширганмиз. Бу орқали Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб болаларга дастурлашни ўргатишни бошлаганмиз. 2 йил ичида 500дан ортиқ болани ўқита олдик. Шу вақт мобайнида дастурлаш бўйича дарслик тузишга киришдим. Бир дарслигимни Microsoft кўргазмасида ҳам намойиш қилиб, ўқитувчилик сертификатини қўлга киритдим.

2 йиллик дарс бериш жараёнидан кейин, ўзимдаги бор билимларни болаларга ўргатиб бўлганимни ва энди янги нарса ўрганишим кераклигини сеза бошладим. Шундай қилиб 2017 йилда АҚШнинг Ўзбекистондаги Super Dispatch компаниясида тажриба қилиш учун ишлаб кўрдим. Бу ерда 6 ой иш ўрганувчи, 1,5 йил эса дастурчи бўлиб ишладим.

АҚШдаги компаниялардаги илк иши

Ўқишни битиргач, кўп компанияларга иш учун ариза топшириб кўрдим, лекин қабул қилинмадим. Кейин тавсияномалар орқали ариза топширишни бошладим. Яъни сиз ишга кирмоқчи бўлган компанияда ишлайдиган одам сизга тавсиянома беради. Менга Microsoft вакили тавсиянома берган. Уни шу одам билан ишлайдиган яқин дўстим орқали топганман. Шундан кейин EPAM’да ишлайдиган киши мен билан боғланиб, суҳбат қилган ва менга компаниядан қўнғироқ бўлган. Суҳбатлардан ўтиб, 2019 йилда EPAM’нинг Пенсилваниядаги офисида дастурчи бўлиб ишга кирганман.

Uber’га ишга жойлашиш

EPAM’да ишлаётганимда пандемия бошланиб қолди. Ўшанда уйда ўтиришга мажбур бўлганмиз. Яқин дўст танишлар кўп эмас, зерикарли ҳаёт тарзи бошланган. Нима қилишни билмай Аmazon, Meta, Apple, Uber каби катта копманияларга ишга киришга тайёрланишни бошладим. Бир нечта йирик компаниялар билан суҳбатлар бўлди ва охирида 2 та компаниядан ишга таклиф қилишди. Уларнинг биттаси Uber эди ва ўзимга ёққани учун уни танладим. Бу яхши танлов бўлди, у ерда ўсдим. Катта лойиҳалар қилдик, мен қатнашган лойиҳалар компанияга йилига 75 млн доллар олиб келяпти.

Uber’да коммуникацияни ўргандим”

Uber’да 5 кишилик лойиҳани бошқардим, ишчилар орасида ўзимдан тажрибали дастурчилар ҳам бор эди. Бу ерда ишлаш давомида шуни тушундимки, яхши дастурчи учун фақат код ёзишнинг ўзи етарли эмас, коммуникация ҳам муҳим экан. Коммуникацияни билмаганим сабаб кўп дакки эшитишимга тўғри келган. Менга берилган катта лойиҳани бошлаб қўйиб, режаланган вақтгача тугатиб беролмаганман. Шунда менежеримиз аудит қилиб, улгурмаётган бўлсанг, айт, ёрдам берамиз, бунинг учун сени уришмаймиз, қўллаймиз, жамоа берамиз ёки муддатни ўзгартирамиз, деган. Кучим, ақлим етмайдиган бошқа ишларда ҳам ёрдам сўрамасдан ўзим қиламан деб ўтираверганман. Чунки ўшанда шу нарсани қилолмасам, мени кучсиз деб ўйлашади, деган тафаккур бўлган. Лекин бу бўлмағур фикр. Мана шундай қилиб, коммуникацияни ўрганганман. Кўп хато қилганман, лекин бу фойдали бўлган.

Тор доирада қолиб кетишни хоҳламадим”

Uber’да дастур, илованинг кўриниши, мижозларга кўринадиган қисмлар устида ишлардим. 3 йиллик иш фаолиятидан кейин бутун тизим бўйича ишлайдиган жамоага эҳтиёж сеза бошладим. Тор доирада ишлагим келмай қолди. Лекин Uber’да бундай жамоада бўш ўрин бўлмаган. Шундан сўнг бундай имкониятни ташқаридан, бошқа компаниялардан излай бошлаганман. Бир нечта компанияларни кўриб, охирида TikTok’да ўзим излаган жамоани топганман. Ҳозир TikTok’да бутун iOS дастурининг мобил архитектураси ва инфраструктураси устида ишлаймиз.

Олдин компаниянинг обрўси, машҳурлилига қарардим, лекин Uber’да ишлаб билдимки, муҳими компания эмас жамоа экан. Шу билан бирга, менежер танлаш ҳам муҳим. Менежер ходимнинг компаниядаги ўсиши, ўрнига катта таъсир қилади. Жуда яхши ишласангиз ҳам, менежер яхши бўлмаса, компания ичида ўсмай қолиб кетасиз.

Ўсмоқчи бўлган одам кўп ишлаши керак”

TikTok Хитой компанияси бўлган учун у ерда муҳит бошқачароқ. Хитойликлар қаттиқроқ ишлайди, америкаликларга бу нарса ёқмайди. Америкаликлар соат 17:00да ишдан кетади, ундан кўп ишланса, бу яхши компания ҳисобланмайди. Мен учун кўпроқ ишлаш ҳам нормал ҳолат, чунки мен ўсмоқчиман, дам олмоқчи эмасман. Компаниянинг Хитойдаги бош офисига бориб келдим. Аҳоли кўп, рақобат кучли. Одамлар ўзини яхшироқ ходим сифатида кўрсатиш учун ҳам кўпроқ ишлашар экан. Бу самаралими-йўқми, билмадим, лекин уларнинг ишлаш усули шундай.

Катта компанияларга ишга кириш

Дастурчиларга катта компанияларга ишга киришга ёрдам берадиган лойиҳам бор. Биринчи шогирдим ўтган йили, 6 ой давомида кўп компаниялардан суҳбатдан ўтиб, ҳозир Meta компаниясида ишлаяпти. Бунда қаерда бўлиш унчалик муҳим эмас. Суҳбатлар, резюмелар қандай бўлишини билса, катта компанияларга Ўзбекистонда туриб ҳам ишга кириш мумкин.

Ишга таклиф олган одам ойлик борасида компания билан савдолашиши керак. Масалан, ўзим Uber билан савдолашиб, йиллик даромадимни 30 минг долларга оширганман. TikTok’kа киришдан олдин ҳам кўп компаниялар билан суҳбатлашганман. Meta ишга киришга бир марталик бонус учун 70 минг доллар таклиф қилган. Яъни бошқа компанияларга ҳам топшириб, таклиф олиб туриш керак. Шунда компания бошқа жойга кетиб қолмаслигингиз учун кўпроқ таклиф қилади. Агар сиз учун ягона танлов ўзи эканини билса, паст маблағ таклиф қилади.

Юқорироқ даражага чиқиш ниятим бор”

АҚШ имкониятлар мамлакати дейишади, лекин бу ундан қанчалик эплай олиш ва фойдалана олишга боғлиқ. Менимча, одам қийинчилик кўрган, яхши маънода янгиликка, ишга оч бўлиши керак. Мен ҳам Uber’даги комфортимда ўтираверсам бўларди, лекин яна нимадир қилишим кераклиги ҳақида ўйлардим. Ҳозир яна юқорироқ даражага чиқиш ниятим бор.

Зуҳра Абдуҳалимова, суҳбатлашди. 

Мавзуга оид