Ўзбекистон | 22:56 / 15.09.2020
3803
2 дақиқада ўқилади

«Маҳалла ва оила» илмий тадқиқот институтига директор тайинланди

Педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиева Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтининг директори этиб тайинланди.

ЎзА хабарига кўра, 15 сентябрь куни мазкур тайинлов ҳақидаги ҳукуматнинг 553-сон қарори қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти президентнинг шу йил февралдаги фармони асосида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда «Маҳалла» ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида ташкил этилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилган эди.

Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • жамиятда «обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасидаги устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш;
  • фанлараро фундаментал, илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;
  • маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;
  • маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;
  • маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
  • маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш;
  • институт фаолияти йўналишлари бўйича таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш