Ўзбекистон | 02:17 / 15.09.2020
85283
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонун кучга кирди

Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 28 февралда маъқулланган ва Президент томонидан 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Фото: KUN.UZ

Президент 13 март куни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Мазкур қонуннинг 58-моддасига кўра, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган. Қонун қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2020 йил 14 март куни эълон қилинган.

Қонуннинг аввалги таҳриридан жиддий фарқ қилувчи жиҳатларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублик масаласидир. Унга кўра:

– 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;

– Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.

Шунингдек, қонунда фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олишга доир қоидалар белгиланган.

Жумладан, 6-моддага кўра, 1995 йил 1 январга кадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига кадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Бундан ташқари, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари деб тан олинган бола ҳам юқоридаги асосларга кўра Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Шунингдек, қонунга янги ватандош тушунчаси киритилиб, унга кўра Ўзбекистон ҳудудида туғилган ёки илгари унинг ҳудудида яшаган, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаган, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида яшайдиган шахс ва унинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан кейинги қариндошлари, башарти, агар уларнинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошлари Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлса, улар ватандош деб юритилиши белгиланди.

Фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Унга кўра, ватандошга нисбатан тирикчиликнинг қонуний манбайига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса ёки давлат тилини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.

Қонуннинг айрим моддалари (6, 45 ва 55-моддалари) шу йилнинг 1 апрелидан кучга кирган.

Мавзуга оид