Ўзбекистон | 20:21 / 16.09.2020
6149
2 дақиқада ўқилади

«Меҳнат миграцияси – бу экспорт» — вазирлик вакили муҳожирларга тил ва касб ўргатишнинг муҳимлиги ҳақида

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги шўъба бошлиғи Одилжон Комилжонов мигрантларга тил ва ҳунар ўргатиб хорижга юборишнинг зарурати ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Одилжон Комилжонов

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, миграция ҳам экспортнинг бир тури. Бу соҳанинг мамлакат учун иқтисодий фойдаси катта.

«Ҳар йили Ўзбекистонда 700–750 мингта ёшлар ўрта таълим муассасаларини тугатишади. Уларнинг 300 мингтаси университет ва техникумларга ўқишга киради. Мамлакат иқтисоди эса йилига 300–350 мингта янги иш ўрни яратади. Тафовут тахминан 150–200 мингта фуқаро дегани.

Чунки бизда демографик ўсиш жуда юқори. Биз буни демографик дивидент деб ҳисоблаймиз. Кўпчилик фуқароларимиз нимага Россияга кетяпти? Чунки уларда аҳоли сони камайиб, ишчи кучи етмаяпти. Ўзбекистонда бунинг тескариси. Бундан фойдалана билишимиз керак.

Иқтисодиётимизда экспортни кўпайтиришимиз керак, деб давлатимиз мустақил бўлганидан бери айтилади. Бу нарсани шундай тушуниш керак, миграция дегани фуқароларни бир ёққа чиқариб юбориш эмас, миграция – бу экспорт. Ишчи кучи экспорти. Бутун дунёда бу нарса бор. Бу ҳам бизнинг иқтисодимизнинг экспорт салоҳиятини кўтаради.

Бизнинг ҳозирги мақсадимиз – ишчи кучи экспорти салоҳиятини ошириш учун мигрантларнинг ақлий ва ишчанлик сифатини кўтаришдан иборат», – деди Одилжон Комилжонов 16 сентябрдаги матбуот анжуманида.

Вазирлик келтирган рақамларга кўра, айни пайтда Россия Федерациясида 1,5 млн.дан ортиқ, Қозоғистонда 200 минг, Кореяда 70 минг ўзбек мигранти меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

Бошқа мамлакатлардаги ватандошлар билан ҳисобланганда, жами 2 млн.дан кўп ўзбекистонлик мигрант хорижда экани маълум қилинди.

Мавзуга оид