Ўзбекистон | 07:50 / 16.09.2020
10270
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон санъат арбоби Асил Рашидов вафот этди 

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов 15 сентябрь куни 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

Асил Рашидов 1930 йили Жиззах туманининг Совунгарлик қишлоғида туғилди. 1954 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни журналист мутахассислиги бўйича тамомлади.

1954-1958 йилларда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлади.

1958 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти аспирантурасига ўқишга кириб, 1961 йилда уни муваффақиятли тугаллади ва 56 йил давомида ушбу даргоҳда ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси, доценти, профессори лавозимларида самарали фаолият кўрсатди. 1981 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасига эришди.

Олим ўз фаолияти давомида “Инсон ва меҳнат мадҳи”, “Сўнмас юлдузлар”, “Асрга тенгдош мактаб”, “Леся Украинка”, “Чиниқиш мактаби” сингари кўплаб илмий-оммабоп асарлар яратди. Айниқса, мустақиллик йилларида дунё юзини кўрган, атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов хотирасига бағишланган “Акам ҳақида” рисоласи, “Эзгуликка бахшида умр”, “Чингиз Айтматовнинг бадиий олами” сингари асарлари минглаб китобхонларнинг самимий эътироф ва эҳтиромига сазовор бўлди.

Асил Рашидов бадиий таржима соҳасида ўзига хос ижодий мактаб яратган эди. У машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз”, “Жамила”, “Бўтакўз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари!”, “Сомон йўли”, “Оқ кема”, “Эрта келган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Асрни қаритган кун” сингари бетакрор асарларини ўзбек тилига беқиёс маҳорат билан ўгириб, халқимизнинг бадиий тафаккурини юксалтиришга улкан ҳисса қўшди. Шунингдек, таниқли рус адиби Александр Бекнинг “Волоколамск йўлида” романи, қирғиз адиби Мирзабек Дуйсеновнинг “Имтиҳон” қиссаси ҳам Асил Рашидов таржимасида ўзбек китобхонларига тақдим этилди.

Асил Рашидовнинг олий таълим тизими ва ўзбек адабиётини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи” фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофоти ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди.

Марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.