Ўзбекистон | 11:47 / 16.09.2020
10228
2 дақиқада ўқилади

Турон яккакураши спорт тури асосчиси Баҳодир Саидов вафот этди

Турон яккакураши спорт тури асосчиси Баҳодир Саидов 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Юзлаб халқаро тоифадаги спортчиларни тарбиялаган жонкуяр мураббий, спорт фидойиси Баҳодир Саидов 1954 йил 3 апрел куни Тошкент шаҳрида туғилган. 

Яккакураш спорт турлари билан ёшлигидан шуғулланган Баҳодир Саидов 1981 йилда ҳозирги Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетини тамомлаган. У 40 йилдан ортиқ вақт давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатиб, мамлакат спорти ривожига улкан ҳисса қўшган.

Баҳодир Саидов 1992 йилда Турон яккакураши спорт турига асос солган эди. Бугунги кунда бу спорт тури билан ўн минглаб ёшлар шуғулланмоқда. 

Баҳодир Саидов узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол федерациясида масъул лавозимларда меҳнат қилган.

“Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жамоаси Баҳодир Саидовнинг спортимиз ривожи йўлида амалга оширган ишларини юксак қадрлайди ва марҳумнинг вафоти муносабати билан, унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади”, - дейилади хабарда.