Ўзбекистон | 12:40 / 17.09.2020
10609
12 дақиқада ўқилади

Меҳнат мигрантлари сонини қисқартириш ва келгусида унга барҳам бериш бўйича таклифлар. Учинчи мақола

2019 йилда Россияга сафар уюштирган Kun.uz мухбирлари фақатгина Россиядаги меҳнат мигрантлари сони 4 миллион кишини ташкил этишини таъкидлашганди. Бу Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил қилади.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда чет элда юрган меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистонга расмий каналлар орқали жўнатилган маблағлар миқдори 4,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бунинг устига рўйхатдан ўтмаган маблағларни, меҳнат мигрантларининг шахсий истеъмоли харажатларини (айримларининг эса оилавий истеъмол харажатларини) ҳам қўшиб ҳисобласак, манзара янада ойдинлашади.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 2,5 миллион нафари ёки 7 фоизи меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Шундан 2 миллион атрофида фуқаролар Россияда меҳнат қилади. Меҳнат мигрантлари томонидан жўнатилган пул маблағлари 5,1 миллиард АҚШ доллари, ёки мамлакат ЯИМининг тахминан 10 фоизини ташкил қилган. Бунда ҳар бир муҳожир ойига ўртача 166,7 АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топган.

Ҳар икки ҳолатда ҳам бу жуда катта рақамлар. Бошқача сўзлар билан ифодалаганда, меҳнат мигрантлари ишлаб топаётган даромадлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотига нисбатан тахминан 20 фоизни ташкил қилади. Табиийки, Ўзбекистоннинг бунча миқдордаги меҳнат мигрантларини иш билан ҳам, арзигулик даромад билан таъминлашга ҳозирча қурби етмайди. Демак, меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал этишда иккинчи йўл танланган тақдирда ҳам, уни муайян кетма-кетликда турли юқори самарали ташкилий ва иқтисодий (зарурат тақозо этганда — маъмурий) воситалар ёрдамида босқичма-босқич, лекин изчил ва қатъият билан амалга ошириш лозим.

Меҳнат миграцияси муаммосини узил-кесил ҳал қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларимизнинг ва таклифларимизнинг айримларини баён этишни лозим топдик.

Биринчи таклиф. Меҳнат миграциясини чекланган миқдорда фақат малакали ишчи кучини экспорт қилиш эвазига амалга ошириш сиёсатини йўлга қўйиш. Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бевосита бошчилигида ишчи кучи импорт қилувчи мамлакатлар, йирик компаниялар буюртмаларига мувофиқ ёлланма, малакали ишчи ва мутахассисларни тайёрлаш механизмини яратиш.

Бунда касбий малака ва кўникмаларга эга иқтидорли ёшлар танлов асосида саралаб олинади, муайян давр давомида уларга бориб ишлаши лозим бўлган мамлакатнинг тили, тарихи, урф-одатлари, анъаналари ўргатилади, танланган иш, касб, ҳунар бўйича зарурий малака ва кўникмалар шакллантириладики, токи мигрант ўзи ташриф буюрган мамлакат ёки корхона талаблари даражасида вазифаларни бажара оладиган тайёргарликка эга бўлсин. Ишчи кучи экспорти илмий асосда йўлга қўйилиши республикага жуда катта манфаат келтиради.

Биринчидан, ишчи кучи экспортидан келадиган даромад миқдори кескин ошади;

Иккинчидан, ёшларда малакали ишчи ёки малакали мутахассис бўлишга, яъни яхши ўқишга қизиқиш ортади;

Учинчидан, ёшларда хорижий тилларни ўрганишга мойиллик ва тажриба ортади;

Тўртинчидан, хорижда малакали ишларни бажарган ёшларимиз, ўз юртига қайтганда, миллий иқтисод равнақига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчи таклиф. Мамлакатда ишсизлик муаммосини ҳал этиш, иқтисодиётда банд бўлганларни муносиб иш ҳақи билан таъминлаш бевосита иқтисодий ўсиш суръатларига боғлиқ.

Шу сабабли давлат арбоблари, масъулиятли лавозимлардаги амалдор шахслар, партия раҳнамолари, профессор-ўқитувчилар ва олимларнинг маошларини мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатлари билан уйғунликда ошириб бориш тартибини жорий этиш. Сабаби — мамлакатнинг иқтисодий юксалиши, миллий иқтисоднинг ўсиш суръатлари тирикчилик ўтказиш, оилани тебратиш илинжида ўзини ўз Ватанида оила ва ота-онаси бағрида яшаб, ишлаб юриш бахтидан маҳрум қилган, бегона юртларда не-не машаққатлар билан ҳалол меҳнат қилиб, барча камситиш ва кези келганда ҳақоратларга матонат билан бардош бериб, даромад топаётган меҳнат мигрантларига эмас, айнан номлари юқорида зикр этилган тоифадаги мутасадди шахсларнинг хатти-ҳаракати ва масъулиятига ҳам боғлиқ.

Учинчи таклиф. «Иш ҳақи минимуми» ва «Яшаш минимуми» тўғрисида қонунларни қабул қилиш ва амалиётга жорий этиш. Ушбу чора мамлакатда яратилган ва бозор субъектлари орасида тақсимланиши лозим бўлган миллий даромадда ёлланма ишчиларнинг улушини адолат юзасидан оқилона даражада кўтариш орқали нафақат меҳнат миграциясини хоҳловчилар сонини қисқартириш, балки мамлакатда бошланган камбағалликка қарши кураш стратегиясини амалга оширишнинг ҳам муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Тўртинчи таклиф. Барча туманларда дастлаб битта, кейинчалик 2-3тагача қишлоқ хўжалиги соҳасида йирик-йирик давлат хўжаликларини ташкил этиш.

Kun.uz мухбирларининг интервьюсида иштирок этган йигит ақалли 0,5 га ер майдони бўлса, Ўзбекистонга қайтишга тайёрлигини, ерга нима экиб, қандай даромад олишни ҳам яхши билишини маълум қилган.

Лекин ерни бундай тақсимлаб бериш ер ресурсларидан унумли фойдаланиш тамойилларига мос келмайди. Бироқ мингта, икки мингта эҳтиёжмандларга ажратиладиган ер майдонларини бирлаштириб, 500 га ёки 1000 га ер майдонида йирик хўжалик ташкил этилиб, барча ерга талабгорларни ерда ишлашга жалб этилса, унда миқёс самараси эвазига катта даромад олиш мумкин. Бундай йирик хўжаликларни ташкил этиш дастлаб камбағалликка қарши кураш учун назарда тутилган давлат ресурсларини жалб этиш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Бундан ташқари, хўжалик инвестицион фаолиятига юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этишни рағбатлантирувчи ва ундан банк фоиз ставкаларидан юқори даромад олишни таъминловчи самарали механизмлар тизими яратилиши ва амалиётга жорий этилмоғи лозим.

Хўжалик фаолиятининг юқори самарадорлигига эришиш учун унга конкурс асосида энг кучли, истеъдодли раҳбарларни ва соҳа мутахассисларини жалб этиш лозим. Ўйлаймизки, биз тасаввур қилган шаклдаги давлат хўжаликлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этишнинг, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлашнинг ҳақиқий андозасига, қолаверса, аграр соҳада улкан монопол мавқега эга бўлган Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги бепоён имкониятларини рўёбга чиқариш, жоиз бўлса бутун жаҳонга ёйишнинг самарали марказларига айлантирилиши қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда ҳам, бандлик ва қашшоқлик муаммоларини ҳал этишда ҳам жуда катта натижалар беради.

Йирик давлат хўжаликларидан қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш, илғор ва инновацион агротехник усуллардан фойдаланиш, фан ютуқларни кенг татбиқ этиш ва юқори натижа олишнинг экспериментал базаси сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Уларни туман ҳудудидаги фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш, илмий-услубий қўллаб-қувватлаш, уларни инновацион асосда ривожлантиришнинг локомотивларига айлантириш лозим.

Туман ҳудудида ишлаб чиқарилган хом ашёни саноат миқёсида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш, талайгина қисми нест-нобуд бўлаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларни ташқи бозорларга экспорт қилишни ташкил этишдек бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал этиш давлат хўжаликлари фаолиятининг энг муҳим йўналишларига айланмоғи лозим.

Бешинчи таклиф. Ўзбекистонда таълим сифатини тубдан радикал даражада кўтариш. Миллий иқтисодиётда катта ресурслар сарфи ва халқимизнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган товар ва хизматларнинг жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши учун улар, биринчидан, сифати юқори, иккинчидан эса, нархи арзон бўлиши керак (Хитой тажрибаси).

Сифати юқори, лекин нархи арзон маҳсулотни фақат сифатли меҳнат билан яратиш мумкин. Сифатсиз меҳнат билан рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш тўғрисида ўйлаш – булутсиз мусаффо осмондан ёмғир ёғишига умидвор бўлишдек маъносиз.

Қадимдан бизга мерос қолган нақлда «Шайхда ҳунар бўлмаса мачит ҳам торлик қилади», дейилган. Қимматбаҳо ресурслардан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, демак, мамлакатда кўплаб янги иш ўринлари барпо этиш, мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришнинг энг самарали йўли – халқимизнинг ҳунарини ошириш, иқтисодиётда банд бўлганларнинг малакасини, билим савиясини, креатив қобилиятини ривожлантиришдир.

Халқимизда бундай ноёб фазилатларни шакллантиришда таълимнинг роли бениҳоя катта. Тўғри, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари, Ўзбекистон ҳукумати таълимни ривожлантириш борасида кенг кўламли жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Лекин амалга оширилаётган чора-тадбирлар таълим соҳасида кўпроқ миқдор ўзгаришлар сифатида натижа бермоқда.

Ўзбекистон равнақи учун айнан сифат ўзгаришлар жуда муҳим. Мазкур мавзу доирасида таълимнинг барча мураккаб муаммоларини ёритиш имкони мавжуд эмас. Лекин, лўнда қилиб ифодалаганда, мамлакатда таълимнинг шундай модели яратилиши керакки, у бутун халқнинг: ёш-у қари, катта-ю кичик, амалдор-у хизматкор, барча-барчанинг асосий диққат-эътиборини таълимга, бутун куч-ғайратини уни тубдан яхшилашга йўналтирсин.

Назаримизда, бу ноёб модел халқимизнинг қонида азал-азалдан мустаҳкам жойлашган, буюк аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган яширин имкониятларни рўёбга чиқаришга ва уни мамлакатимизни нафақат меҳнат миграцияси иллатларидан халос этишга, балки жонажон Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли мамлакатларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоғи лозим.

Сифатли таълим Ўзбекистонни катта тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқишнинг энг кам харажат ва энг қисқа йўлидир.

Хулоса
Биз ҳеч қачон бегона юртларда қийналиб юрган миллионлаб юртдошларимизнинг ҳаётига бефарқ бўлишга, уларнинг тақдирини тасодифлар ихтиёрига ташлаб қўйишга ҳақли эмасмиз. Чунки улар ҳам шу юртнинг азиз фарзандлари, биримизнинг суюкли ўғлимиз ё қизимиз, биримизнинг меҳрибон отамиз ё онамиз, опа-сингил ёки ака-укамиз, яна биримизнинг яқин қариндошимиз, қолаверса маҳалладошимиз, юртдошимиз.

Президентимиз кўтариб чиққан Ўзбекистонни янада ривожлантириш, уни ривожланган эллик мамлакат қаторидан ўрин олишига эришиш, халқнинг ҳаёт фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик даражасини ошириш, таълим сифатини такомиллаштириш, камбағалликка барҳам бериш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш борасидаги ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишнинг фаол иштирокчилари бўлайлик.

Ана шундагина ҳамюртларимизнинг ўзининг жонажон ватанига қайтишига кўмаклашишда ҳиссамизни қўшган бўламиз. Барчамиз биргаликда, бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг равон йўлига бошлаб чиқишимиз муқаррар.

Ўзбекистон 2030 йилга бориб нафақат тараққий этган эллик мамлакат сафига киришга эришади, балки 2040-йилларга бориб кучли йигирматалик мамлакат сафидан муносиб ўрин эгаллаши мумкин бўлади. Шундагина биз ўтмишда Моварауннаҳрдек қудратли давлатни шакллантирган буюк аждодларимизнинг шаънига муносиб иш тутган бўламиз, уларнинг руҳи покларини шод айлаб, арвоҳларининг мададини олиш бахтига эришамиз.

Бунинг учун аввало меҳнат мигрантлари муаммоси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим, бугунги кун ва келажак нуқтайи назаридан ўз ечимини кутаётган марказий масалаларидан бири сифатида қаралмоғи лозим.

Ушбу масала давлат раҳбарлари, жамоатчилик ташкилотлари, илм-у фан аҳлининг, кенг жамоатчилик ва ўз-ўзини бошқариш органларининг доимий диққат марказида бўлмоғи шарт. Бу борада давлатимизнинг ишчи кучи экспортига йўналтирилган ҳаракатлар стратегияси ва «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоғи ва тадрижий равишда амалий ҳаётга татбиқ этилиши лозим деб ҳисоблайман.

Ҳурматли юртдошлар, мақолада кенг омма муҳокамасига олиб чиқилаётган ушбу долзарб масалалар бўйича ўзларингизнинг қимматли фикр-мулоҳазаларингизни билдиришларингизга, қизғин баҳс- мунозаралар орқали ушбу мавзуга оид мураккаб муаммоларнинг тўғри, самарали ва оқилона ечимларини излаб топишда фаол иштирок этасизлар деган умиддаман.

М.Муҳаммедов,

СамИСИ профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.

Мавзуга оид