Жамият | 14:07 / 18.09.2020
2538
3 дақиқада ўқилади

«Ўзмиллийбанк» Россиянинг етакчи тараққиёт банки «ВЭБ.РФ» билан Россия Банки Молиявий хабарлар етказиш тизимига (СПФС) улаш бўйича келишув имзолади

2020 йил 17 сентябрда Россия Федерациясининг «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси раиси И.И.Шувалов бошчилигидаги делегацияси ташрифи давомида Ўзбекистон Миллий банки ва «ВЭБ.РФ» ўртасида Ўзбекистон Миллий банкини Россия Банки Молиявий хабарлар етказиш тизимига (СПФС) улаш бўйича келишув имзоланди.

СПФС молиявий операциялар бўйича электрон хабарлар етказувчи махсус канални (халқаро банк тизимида маълум бўлган SWIFT тизимининг аналоги) ўзида акс эттиради ва Россия банклари ва тизимга уланган бошқа хорижий банк-корреспондент билан халқаро тўловлар бўйича керакли ишларни кафолатлайди.

Ўзбекистон Миллий банки СПФСга уланишининг афзаллиги банклараро операциялар бўйича маълумотларни етказишнинг юқори даражали тезлиги, молиявий транзакциялар ҳимояси, ўзаро ҳисоб-китоблар ва ахборот алмашишда мослашувчанлик ва тезкорликни таъминлайдиган, халқаро стандартларга жавоб берадиган каналга эга бўлишдир.

Шу билан бирга тизим мижозларга хизмат кўрсатишда қўшимча қулайликлар яратиш, инновацион асосда ҳисоб-тўлов жараёнларини модернизациялаш, банклараро коммуникациялар бўйича ҳаражатларни камайтириш ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини диверсификациялаш имконини беради.

«ВЭБ.РФ» Ўзбекистон Миллий банкининг Ўзбекистон Республикасига Россиянинг юқори технологияли ускуналарини етказиб беришни молиялаштириш билан боғлиқ бўлган қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш доирасида стратегик шериги ҳисобланади.

Маълумот учун: Ҳамкорлик доирасида бугунги кунда умумий қиймати 188 миллион еврога тенг бўлган 4та кредит шартномалари тузилган ва гидроэнергетика, иссиқлик энергетикаси ва транспорт соҳасидаги лойиҳалар молиялаштирилмоқда.

«ВЭБ.РФ» – давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга оширувчи махсус молия институтидир. Унинг асосий вазифаси инфратузилма, саноат, ижтимоий соҳани ривожлантириш, технологик салоҳиятни мустаҳкамлашдан иборатдир. «ВЭБ.РФ» СПФСга чет эллик шерикларнинг уланиши масалаларини ҳал қилишга ёрдам бериш учун Россия Банки томонидан ваколатланган.

«Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид