Жаҳон | 10:13 / 19.09.2020
33326
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ янги тафсилотлар пайдо бўлди

Фото: Алексей Навальнийнинг инстаграм саҳифаси

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг кийимлари ва шахсий буюмларида заҳар излари топилмаган. Уни заҳарлашгани айтилаётган модда фақат Томскдаги меҳмонхонадан топилган шишада аниқланган. Бу ҳақда сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш маълум қилди.

Ярмишнинг «Дождь» телеканалига берган интервьюсида айтишича, Навальнийнинг тарафдорлари меҳмонхонада у фойдаланган деярли барча нарсаларни йиғиб олиб, сиёсатчи ўзини ёмон ҳис қилгач, буюмларни текширув учун юборишган. Топилган буюмларнинг бир қисми Навальнийни Германияга олиб кетган самолётда етказилган.

Навальнийни заҳарлашда фойдаланилгани айтилаётган шишани эса мухолифатчининг дўсти Мария Певчих олиб борган. Кира Ярмиш шиша борасидаги факт нега тезда аниқланмаганини тушунтирар экан кўпчилик бу борада Навальнийнинг ўзи билан маслаҳатлашиш учун у комадан чиқишини кутганини айтди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Германияга олиб кетилган ва заҳарланиш ишида ҳал қилувчи бўлиши кутилаётган шиша ҳақида шундай деди: «Мутахассисларнинг айтишича, агар шишада асаб тизимига таъсир қилувчи модда бўлса, кимдир уни қаергадир олиб кетолмаган, бунга шунчаки улгурмаган бўларди».

Маълумот учун, 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётган Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилган ва учоқ Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган. Ўша куни комага тушган сиёсатчи 7 сентябрь куни Германиядаги «Шарите» клиникасида комадан чиқди. У 22 августдан буён Германияда даволанмоқда.

Мавзуга оид