Жамият | 00:29 / 19.09.2020
9188
6 дақиқада ўқилади

Божхоначилар 10,5 млрд сўмлик «қўлқоп» операциясини фош этишди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан божхона тўловлардан қочиш мақсадида йўл-юк кузатув ҳужжатларида товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатура кодини нотўғри кўрсатиш ҳолатларини фош этиш бўйича доимий равишда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тезкор ходимлар томонидан «Чуқурсой техник-идора» темир йўл чегара божхона пости орқали юртимизга олиб келинган, «Резина қўлқоплар» товарлари ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди. Натижада контейнерларда «Резина қўлқоплар» ўрнига, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган умумий қиймати 5 млрд 125 млн. сўмлик «Трикотаж қўлқоплар» борлиги аниқланди.

Натижада, 6 млрд. 101 млн. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Шунингдек, яна бир ҳолатда мазкур постда хориждан келган темир йўл контейнерларидан яна бири кўздан кечирилди. Натижада, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилган «Резина қўлқоплар» ўрнида умумий қиймати 5 млрд 324 млн.сўмлик «Трикотаж қўлқоплар» борлиги фош бўлди.

Ҳолат юзасидан 6 млрд. 454,56 млн. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Газель» ўриндиқлари орқасига яширилган 88 млн. сўмлик уяли алоқа воситалари фош бўлди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Навоий» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Ю.А. бошқарувидаги «Газель» русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автомашина ўриндиқлари орқасида умумий қиймати 88 миллион сўмлик 8 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Товар моддий бойликларининг яширин айланмасига чек қўйилди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан ушбу йўналишдаги божхона тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлашга қаратилган бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, чегара олди ҳудуддан ҳаракатланиб кетаётган «Лада 2115» русумли автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганида, автомашинада божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва тегишли маркировка билан маркировкаланмаган умумий қиймати 18,9 миллион сўмлик 7 дона телевизорлар борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда фуқаро Р.А. бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу автомашинада, умумий қиймати 8,7 миллион сўмлик 595 дона сифати кафолатланмаган парфюмерия маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шунингдек, қўшни давлатдан «Ўзбекистон» чегара божхона постига кириб келган фуқаро М.А. бошқарувидаги «VOLVO FH460» русумли юк автомашинаси кўздан кечирилганида, автомашина юкхонасида буюмлар орасига беркитилган, ҳужжатларда кўрсатилмаган «Honda» русумли автомашинанинг механик узатиш қутиси ва тикув машинаси борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Нексия»да 3600 дона чўғланма лампочкалар яширилган экан

Ҳукумат қарори билан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб чўғланма лампа маҳсулотларини реализация қилиш тақиқлангани сабабли, ушбу товарларнинг хориждан олиб кирилиши ҳам чекланган.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Қувасой шаҳрининг чегара олди ҳудудида ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина салони ва юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва мамлакатимизда савдоси чекланган умумий қиймати 18 миллион сўмлик 3600 дона чўғланма лампочкалар борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Вольво»даги найранг иш бермади

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси «Сирдарё» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Т.А. бошқарувидаги «Вольво-FH» русумли юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, йўл-юк ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган, умумий қиймати 46,2 миллион сўмлик 3080 дона соч бўёқлари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Mercedes benz»даги қинғирлик фош бўлди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «С.Нажимов» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган фуқаро М.О. бошқарувидаги «Mercedes benz» русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Кўрик давомида, автомашинада йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда айтилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 51,6 миллион сўмлик тишни даволашда ишлатиладиган воситалар, 15 дона принтер бўёқлари борлиги фош бўлди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид