Ўзбекистон | 18:02 / 19.09.2020
3075
2 дақиқада ўқилади

Гутерриш: пандемия БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги 25 йиллик ютуқларни нолга тенглаштирди

Пандемиядан кейин тикланишга ажратилган маблағларни кенг миқёсда сафарбар қилишда саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва тегишли жиҳатлардан фойдаланиш зарур, дея таъкидлаб ўтди БМТ бош котиби.

Коронавируснинг янги тури туфайли келиб чиқувчи касаллик пандемияси халқаро ҳамжамиятни БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг айримларини амалга оширишда 25 йил орқага суриб қўйди. Бу ҳақда бутунжаҳон ташкилотининг бош котиби Антониу Гутерриш шанба куни Британиянинг Sky News телеканали эфирида маълум қилди.

«Ҳақиқат шундаки, дунёда қашшоқлик, очарчилик билан кураш ва бошқа кўплаб соҳаларда эришилган барча ютуқлар энди катта савол остида қолди. Айрим соҳаларда биз 25 йил орқага чекиндик, - деди у. - Саъй-ҳаракатларимизни кучайтиришимиз ва пандемиядан кейин тикланишга ажратилган ресурсларни кенг кўламли жалб қилишнинг самарали жиҳатларидан фойдаланишимиз даркор. Ушбу ресурсларни Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда ишлатишимиз керак, шунда биз қурадиган келажак янада инклюзив, тенгликка асосланган, адолатли ва экологик бўлади».

Гутерришнинг қўшимча қилишича, ривожланган мамлакатлар инқироздан чиқиш учун етарли ресурсларни сарфлаш имкониятига эга, аммо қашшоқ ва ривожланаётган мамлакатлар ташқи ёрдамга муҳтож. Хусусан, у кам ва ўрта даромадли мамлакатларнинг ташқи қарзларини ҳисобдан чиқариш ёки қайта тузиш зарурлигига эътибор қаратди.

2015 йилда БМТга аъзо давлатлар Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача бўлган кун тартибини қабул қилди. У, жумладан, қашшоқликка барҳам бериш, сайёра бойликларини сақлаб қолиш ва барчанинг фаровонлигини таъминлашни кўзда тутади. 17 мақсаднинг ҳар бири 15 йил ичида эришиладиган кўрсаткичлар тўпламини ўз ичига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид