Ливан миллий жамоаси футболчиси бошига тасодифан ўқ тегиши натижасида ҳалок бўлди
Ливанлик ҳужумкор яримҳимоячи Муҳаммад Атви бошига тасодифан ўқ тегиши натижасида ҳалок бўлди, деб хабар беради Аl Jazeera телеканали.
Байрутда шаҳар портидаги кучли портлашни бартараф қилишда вафот этган ўт ўчирувчининг дафн маросими ўтказилган. Маросимда меҳмонлардан бири маҳаллий урф-одатлар бўйича ҳавога ўқ узган. Дайди ўқ эса кўчадан ўтиб кетаётган Атвининг бошига тегган ва уни яралаган. Воқеа август ойи охирида бўлиб ўтган.
Футболчи зудлик билан касалхонага ётқизилган ва у ерда унга қон қуйилган. Шифокорлар миянинг сезгир қисмига тегган ўқни олиб ташлашган. Сўнг футболчи комада бўлган. Аҳволи оғир бўлган яримҳимоячи 18 сентябрь куни ҳушига келмасдан вафот этди.
Атви «Ансара» жамоаси сафида 3 бор Ливан Кубогини қўлга киритган. У миллий жамоа сафида 3та ўйин ўтказган.