Спорт | 14:16 / 19.09.2020
29887
5 дақиқада ўқилади

Месси ўз номини судда ютиб олди. Велосипедчилар унга 9 йил қаршилик қилганди

«Барселона» сардори Лионель Месси 2011 йилдан буён ўз номидаги бренд яратишни хоҳлайди, аммо унга 9 йилдан буён қаршилик қилишаётганди. Қандай қилиб дейсизми? Қуйида шу ҳақда.

Фото: Twitter

Гап шундаки, Испанияда «Massi» номли велосипед ишлаб чиқарадиган компания бор. Улар «Messi» номли бренд пайдо бўлишига қаршилик қилаётганди. Эмишки, «Messi» сўзи уларнинг «Massi» брендига жуда ўхшаш ва бундай бренднинг пайдо бўлиши мижозларни чалғитиб, велосипедчиларнинг савдосига таъсир қилади.

Фото: Bikewar.com

Жуда кўп суд мажлисларидан сўнг иш энг олий судгача етиб борди. Қарори муҳокама қилинмайдиган Европа Иттифоқи Олий инстанция суди бу борада Лионель Месси фойдасига қарор чиқарди. Интеллектуал мулк бўйича Европа бюроси «Massi» велосипедчиларининг даъвосини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ЕИ Олий инстация суди Мессининг исмини қайсидир бошқа ном билан адаштириб юбориш имконсиз бўлган даражада машҳур деб топди ва велосипедчиларнинг арзини рад этди.

«Футболчининг машҳурлиги «Massi» сўзига ўхшашликдан баландроқ туради. Месси телевидение ва радиода тез-тез муҳокама қилинадиган жуда машҳур инсон», дейилган суд қарорида.

Шу тариқа ўз номини судда ютиб олган Лионель Месси эндиликда «Messi» брендига асос солиши мумкин.

Брендга айланган бошқа номлар

Мессининг шундоғам «рўзғори тўкин-сочин»: йиллик маоши 92 миллион доллар. Ўтган йилда рекламадан 34 миллион доллар ишлаган, бироқ у ўз номини брендга айлантирса, бу борада муваффақият қозониб, янада бойиши ҳақиқатга яқин. Чунки унгача кўплаб машҳурлар ўз номи орқали катта пул ишлаган. Оддий мисол – кўпчилик севиб харид қиладиган ва яна кўпчилик оригиналини кийишни орзу қиладиган «Lacoste» бренди инсон номидан олинган. «Катта дубулға» туркумидаги мусобақаларнинг 10 карра ғолиби Рене Лакост 1933 йилда катта теннисдан кетгач, ўз номидаги «Lacoste» брендига асос солади. Бренд рамзи сифатида бежизга тимсоҳ танланмаган. Рене Лакостни теннис оламида Аллигатор деб аташган.

Фото: Behance

Англиялик футболчи Дэвид Бекҳэм ўз номидаги парфюмерия ва кийимлар чиқарганини билсангиз керак. Бугунги кунда Бекҳэм хотини Виктория Бекҳэмдан қолишмайдиган машҳур бренд эгаси ҳисобланади. Криштиану Роналду фақат шампун реклама қилади деб ўйласангиз, адашасиз. У ўз номидаги кийим-кечаклар савдосига ҳам асос солган.

Сузиш бўйича 18 карра олимпиада чемпиони Майкл Фелпс ҳам ўз брендига эга. Топдингиз, табиийки бу бренд сузиш кийимлари ишлаб чиқаради. Баскетбол қироли Майкл Жорданнинг ҳам кроссовка ва спорт кийимлари ишлаб чиқарадиган бренди жуда машҳур. Шунчалик машҳурки, бугун ёшлар Жордан деса, «ПСЖ» футболчилари машғулотда киядиган либосларни тушунади.

Фото: Forbes

Теннис маликалари Серена ва Винус Уильямс ёки Мария Шарапова ҳам брендга ном топиш учун бош қотириб ўтиришмаган. Америкалик опа-укалар ўз фамилияларининг тескарисини ёзиб «Aneres» савдо маркасини яратишган. Мария Шарапова эса фамилиясини сал ўзгартириб «Sugarpova» ширинликлари савдосини йўлга қўйган. «Sugar»нинг маъноси шакар эканини билсангиз керак.

Бироқ спорт оламида брендлар яратиш доим ҳам осон кечавермаган. Масалан, «Ливерпуль» ўз номини савдо маркасига айлантириб, пул ишламоқчи бўлганида, Ливерпуль жой номи бўлгани сабаб бунга йўл қўйишмайди.

Бу муаммога АПЛнинг яна икки вакили «Челси» ва «Тоттенҳэм» ҳам дуч келган. Лондоннинг бу икки клуби ўз номини брендга айлантира олмаслигини билгач, қуйидагича баёнот беришганди: «Барча ўз номидан бемалол, почта қутисига юристлардан хат келишини ўйламай фойдаланиши керак». Бу икки клубнинг аталиши ҳам топонимик номлар билан боғланган бўлса-да, кейинчалик «Челси» ва «Тоттенҳэм» брендлари барибир рўйхатга олинган.

Кўпчилик футбол мухлислари тарихдаги энг зўр футболчи деб атайдиган Месси қандай маҳсулотни ўз номи билан боғлашга қарор қиларкин? Бу қандай маҳсулот бўлса ҳам, рақобатчилар бир сесканиб олса керак.

Мавзуга оид