Ўзбекистон | 20:57 / 28.01.2020
15700
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда миллий брендлар сони 65та. Бу – Қозоғистондан 2,5 баробарга кам

Тошкент шаҳри бренди / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ўзбекистонда бор-йўғи 65та миллий бренд рўйхатдан ўтказилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Россияда 19835та, Украинада 5478та, Қозоғистонда 170та, Қирғизистонда 53тани ташкил қилади.

Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги расмийлари иштирокида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Интеллектуал мулк тушунчаси аҳолимиз орасига етиб бормаган. Интеллектуал мулк бу – инновацион ғоялар ва креатив фикрлашдир. Бу йўналиш ривожланса, қоғозбозлик ва ноҳалол рақобатнинг олди олинади.

Мисол учун, АҚШ иқтисодиётида интеллектуал мулкнинг улуши 6,5 трлн. долларни, Ғарбий Европа давлатларида яратилган иш ўринларининг эса 90 фоизини ташкил қилади.

Тизимни ривожлантириш бўйича 2019/20 ўқув йилидан Тошкент давлат юридик университетида «интеллектуал мулк ҳуқуқи» мутахассислиги бўйича янги магистратура йўналиши очилган», – дейди Интеллектуал мулк агентлиги бўлим бошлиғи Абдумўмин Йўлдошев.

Маълум қилинишича, хуфиёна  иқтисодиёт ҳолатларини аниқлаш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича ташвиқот ишлари мобайнида 150дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Қолаверса, Интеллектуал мулк агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан кузатувлар натижасида 398та қонунбузарлик аниқланган ва 484.3 млн. сўмлик аудиовизуал дисклар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Интеллектуал мулк агентлиги директори – Адлия вазири ўринбосари Тўлқин Абдусатторовнинг сўзларига кўра, республиканинг барча ҳудудларида ихтирочилик даражасини ошириш мақсадида 2019 йилда Технологиялар ва инновацияларни қўллаб қувватлаш марказлари очилган ва ҳозирда уларнинг сони 20тани ташкил қилмоқда.

«Бундан асосий мақсад – чекка ҳудудларда интеллектуал мулк билимини ошириш ва ёш олим ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлашдир», – деди Абдусатторов.

Маълумотларга кўра, 2019 йил давомида интеллектуал мулк объектларида 10142та талабнома қабул қилинган ва 4445таси рўйхатдан ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 сентябрдан товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномаларни электрон шаклда ДХМлар ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш жорий этилган эди.

Мавзуга оид