Жамият | 19:14 / 20.09.2020
64671
7 дақиқада ўқилади

Аёлни хўрлаш қонимизда борми?

Реал ҳаётда калтакланиш одатий ҳолат

Фото: PA Wire / ТАСС

“2011 йилда турмуш қурдим. Келажак ҳаётим қийинчилик ва муҳтожликда ўтишини билсам-да, ўзим истамаган инсонга турмушга чиқдим. Унда заррача кўнглим бўлмаган. Эримнинг ота-онаси анча йиллар олдин вафот этишган. Тўй қилишга пули бўлмагани учун унаштирувимиздан кейин беш йил ўтиб кетди.  

Тўйнинг эртаси кунидан азобли кунларим бошланди. Эрим маст ҳолатда келиб, ҳеч бир сабабсиз мени дўппослай кетди. Бу ҳолат бора-бора одатга айланиб қолди. Келин бўлиб тушган хонадонимда мен ва эримдан ташқари овсиним ва икки қайноғам ҳам яшарди. Эрим менга уйланишидан олдин ҳам кўп ичарди. Жигарлари уни бу йўлдан қайтариш учун астойдил ҳаракат қилишмаган. Доим маст бўлиб, кечалари кўчада қолиб кетавергани, қўни-қўшнилар олдида уларни изза қилгани учун ҳам ака-укалари уни унчалик хушламасди”.

(Озода Эшқобилова, 33 ёш)

“Эрим ичиб келган вақтларида мени уравергани ўз асоратини кўрсата бошлади, соғлигим ёмонлашди. Бир ой тўшакка михланиб қолдим. Даволанишимгаям кўп харажат кетиб қолди. Эрим муолажа пулларини тўлаш у ёқда турсин, шифохонага бориб, ҳол-аҳвол сўрашга ҳам ярамади. Ҳамма харажатларни ўғлим ишлаб тўлади, етмаганига қарз олдик. Қарзларни ҳам тўлаш, яшаш шароитимизни яхшилаб олиш учун ўғлим Россияга кетишга қарор қилди...

(Азиза Ғаниева, 47 ёш)

Юқоридаги ҳолатлар ҳар куни (балки ҳар соатда) ўзбек аёллари билан содир бўляпти. Бу вазият менталитетимизга сингиб, қоришиб кетганидан одатий ҳолга, айрим оилаларда турмуш тарзининг бир қисмига айланиб улгурди. Янги ҳаёт остонасида турган қизларга ҳам гоҳида бўлажак эр томонидан, гоҳида бўлажак муштларга қарши “иммунитет” шакллантирилади. Афсуски, бу ҳолат ўзбекона тарбиянинг бир бўлаги ҳисобланади.  

“Сусамбил” давлатида...

Аёл ва унинг гўзаллиги ҳақида минглаб ашъорлар эшитганмиз. Аммо ҳар тўкисда бир айб деганларидек, “гуручда курмаклар ҳам кўриниб қолади”. Жамиятда энг разил иллатлардан бири ҳам аёллар манфаатини сўнгги ўринларга қўйишдир. “Маиший зўравонлик” атамаси билан ифодаланувчи бу тушунча жамиятнинг ҳақиқий бошоғриғи, десак муболаға бўлмас. Масалан, Самарқанддаги 25 ёшли аёлнинг эри томонидан аёвсиз калтакланиши видеоси тарқалиши кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Бундай ҳолат яна қанчадан-қанча оилаларда рўй бермоқда.

Маиший зўравонлик фақат биздамас, деярли барча давлатларда бор. У халқаро даражадаги муаммога айланган. Аммо бизда бу масала шу пайтгача тақиқланган мавзу бўлиб келган. Иккинчидан, “ўзбекчилик” “уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик”ка ундаган.  

Яраштириш институти қониқарли даражадами?

Оилалар ажралиш арафасида, одатда, катталар ўртага аралашиб кўришади. Фойдаси бўлмагач, маҳалла фаолларига навбат келади. Уларнинг бир оилани асраб қолишга уринишини тўғри  баҳолаш керак. Лекин масаланинг иккинчи томониям бор: маҳалла фаоллари, кўп ҳолларда  муаммони шахсий ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб баҳолашади. Ваҳоланки, одамлар тақдири, оилавий шароит, ажралиш сабаблари турлича. Шундай бўлгандан кейин ҳар бир масалага ўзига хос ёндашув талаб этилади. Афсуски, барча ҳолларда нима бўлсаям оилани асраб қолиш учун яраштиришга уринишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: ажрашмоқчи бўлган барча оилаларни яраштириш қайси мантиққа тўғри келади? Бугун уйига мажбуран қайтариб юборилган аёл эртага яна турмуш ўртоғининг тазйиқига учрамаслигига ким кафолат бера олади? Унсиз тақдир эгаларининг кейинги ҳаётини ким ўйлайди? Мутасаддилар ажралиш сони камлиги ҳақида “оғиз кўпиртириб” гапиргандан кўра ҳар бир оилага индивидуал ёндашса, мақсадга мувофиқ бўларди. Энг муҳими, яраштириш институти моҳияти маҳалла фуқаролар йиғинларидаги масъуллар томонидан тўғри талқин қилиниши керак. Керак бўлса, “Оила” илмий-амалий маркази томонидан уларни ўқитиш ишларини ташкиллаштириш керак.

“Маиший зўравонликка аниқ жавобгарлик бўлиши керак”

Ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова:

“Маиший зўравонлик ҳолатларининг кўпаяётганлигини ушбу ҳолатга жавобгарликнинг йўқлигида, деб ўйлайман. Маиший зўравонликка нисбатан жавобгарлик на Маъмурий, на Жиноий кодексга киритилган. Ушбу ҳаракатга нисбатан жавобгарлик белгиланиши керак. Фуқаро маиший зўравонликка нисбатан жавобгарлик борлигини билса, мутасаддилар томонидан у билан шунчаки "профилактик суҳбат" қилинмаса, балки, оилада зўравонлик камайган бўлармиди. Жабр кўрган томон ҳам ўзини ҳимояланган сезса, ҳаммаси бошқача бўлади.

Маиший зўравонлик ҳақида кўпроқ гапириш ва бу ҳолат одатий турмуш тарзи эмаслигини кўрсатиш керак. Медиа оламига бир назар солинг: баъзида ижтимоий тармоқ, ТВда фильм ва кўрсатувларда маиший зўравонлик одатий, оилавий жараёндек қабул қилинади. Бу ҳолат эса жамоатчилик фикри ўзгариши билан боғлиқ.  

“Жар ёқасига келиб қолган” оилаларни маҳалла фаоллари томонидан яраштиришга ҳаракат қилишга уринишлар бўлади. Фикримча, бундай ҳолат ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Нима учун? Чунки зўравонлик қилувчи шахс нафақат жабрдийданинг ҳаётига, балки оиланинг бошқа аъзолари ва болаларга ҳам таҳдид солади. Бундай вазиятларда маҳалла институти ва ИИВ муносабатлар дарз кетган оилани асраб қолишга уриниши эмас, балки жабр кўрганни зўравон эрдан қутқариши керак.

Хулоса

Мавзуни ўргана туриб бизда “маҳалла институти фаолиятини қайта кўриб чиқиш вақти келмадимикин” деган савол пайдо бўлди. Назаримда, оилаларни асраб қолишга қилинаётган ҳаракатларда муаммонинг оқибатлари билан курашиляпти. Сабаблар билан эса ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти.  

Агар бу мавзу анча йиллар олдин ОАВда тез-тез ёритилиб турганида, жамоатчилик назорати шакллантирилганида эди, ҳозирги аянчли нуқтага етиб бормаган бўлармидик.  

Атрофимизда “индолмас”лар сони ўйлаганимиздан-да кўпроқ. Улар юрагидаги “олов”ни ёқиш учун ҳам бугундан ҳаракат бошлашимиз керак. Уларни эъзозлаш, қадрлаш ҳақида катта минбарларда жуда кўп гапирилади, амалий ҳаракатлар қилинаётгани бўйича соатлаб гапирадиган мутасаддилар фақат қуруқ рақамларга ёпишмасдан, зангори экранда айтган гапларини амалда ҳам бажаришса, бу йўналишда ҳам силжишларга эришиш мумкин.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид