Жаҳон | 00:43 / 22.09.2020
7711
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ ислоҳ қилиниши кераклигини навбатдаги марта айтди. Эрдўғаннинг фикрича, БМТ ҳозирги кўринишида ихтилофларнинг олдини олишда ҳам, уларни тўхтатишда ҳам самарали бўла олмайди.

Туркия раҳбари бундай фикрни БМТ ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтган Бош ассамблеянинг тантанали йиғилишида билдириб ўтди.

“Илгари сурилаётган идеалларга қарамай, БМТ тизими ҳозирги ихтилофларнинг олдини олишда ҳам, уларни тўхтатишда ҳам самарали бўла олмайди. Бизнинг барчамиз бугунги синовларни ўтган аср эҳтиёжларига мос ҳолда шакллантирилган тузилмалар ёрдамида енга олмаслигимизни кўрмоқдамиз. 7 миллиарддан кўпроқ кишининг тақдирини 5 та давлатгина ихтиёрига қолдирувчи Хавфсизлик кенгаши тузилмаси биз кутганчалик барқарор ва адолатли эмас”, деб айтган Эрдўған. Унинг фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгаши замонавий талабларга мос келиши учун ислоҳ қилиниши лозим.

Эрдўған бундай фикрни биринчи марта билдириши эмас. У 21 сентябрдаги нутқида, шунингдек, БМТ бош қароргоҳини Истанбулга кўчириш ғоясини билдирди. Халқаро ташкилот шунда икки қитъа кесишмасида жойлашади ва бу унга дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда катта ҳисса қўшишига имкон беради. 

Жорий йилда БМТ Бош ассамблеяси коронавирус пандемияси сабабли видеоформат шаклида ўтмоқда. Йиғилишлар залидан БМТга аъзо давлатларнинг доимий вакилларигина жой олган.

Мавзуга оид