Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонасида янги ишлаб чиқариш лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди
"Фарғона ҲЭТК" АЖда темир-бетон таянч ишлаб чиқариш цехининг қўшимча қувватлари ва СИП арматура ишлаб чиқариш цехларининг очилиши ҳамда анкер таянчлар ва полимер изоляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни "Фарғона ҲЭТК" АЖда темир-бетон таянч ишлаб чиқариш цехининг қўшимча қувватлари ва СИП арматура ишлаб чиқариш цехларининг очилиши ҳамда анкер таянчлар ва полимер изоляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда, Фарғона вилояти ҳокимлиги, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Лойиҳавий қиймати 620,0 млн сўм бўлган мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши, жамиятда темир–бетон таянч ишлаб чиқариш қувватларини қарийб икки баробарга ошириб, кунлик 60 дона, 1 ойда эса 1680 тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини яратди. Жамиятнинг темир–бетон таянчларга бўлган йиллик эҳтиёжи 20 000 донани ташкил этаётганлиги инобатга олинса, цехнинг ҳозирги кундаги тўла ишлаб чиқариш қуввати йиллик эҳтиёжни тўлиқ қоплайди.
Шу ўринда, иккинчи ишлаб чиқариш тармоғининг ишга туширилиши, қўшимча яна 10 дона янги иш ўринларини яратиш имконини берди.
Давлат дастурларида белгиланган электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва янги қуришда СИП (самонесущий изолированный провод) – яъни, изоляцияланган симлардан фойдаланилаётганлиги, мазкур симларни темир–бетон таянчларга маҳкамлаш учун зарур бўладиган турли хилдаги арматураларга эҳтиёж яратаётганлигини, жамиятнинг ишлаб чиқариш комплексида СИП арматуралар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун асос бўлди.
Ҳозирда ўз фаолиятини бошлаган мазкур цехнинг лойиҳавий қиймати 1,6 млд сўм бўлиб, унда 6 хил турдаги, яъни Р-70, Р-645, ES-1500, DN-1, РА-1500, SA-2000 русумли СИП арматуралар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, цехнинг ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш мақсадида, СИП арматураларининг қолган турларини ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида электр узатиш ҳаво тармоқларини эксплуатация қилиш, модернизация ҳамда янги қурилиш ишларини амалга оширишда 0,4–6–10 кВли тармоқ изоляторларига бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида лойиҳалаштирилган полимер изоляторлар ишлаб чиқариш ҳамда 35–110 кВли юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини тортиш учун мўлжалланган анкер–таянчлар ишлаб чиқариш цехларининг лойиҳавий тақдимоти бўлиб ўтди.
Ишга туширилиши режалаштирилаётган мазкур цехларда, ҳозирги кунда танқис ҳисобланган 0,4–6–10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқларида фойдаланиладиган ТП–20 ва ШП–10, ШП–20 ҳамда трансформатор пунктларида фойдаланиладиган ИОРП–10, ИОЭЛ 3–5–112УХЛ2 русумли изоляторлар ҳамда замонавий анкер–таянчларни ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
“Фарғона ҲЭТК” АЖ
матбуот хизмати