Жаҳон | 12:02 / 23.09.2020
7879
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон БМТда иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этиш бўйича ўз фикрини маълум қилди

Фото: Тожикистон Президенти матбуот хизмати

Имомали Раҳмон БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисидаги видеочиқишида иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди, деб ёзмоқда Asia-Plus.

Биринчидан, давлат раҳбарининг фикрича, жаҳон ҳамжамияти қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаши керак, бу эса «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш учун қулай асос яратади.

Иккинчидан, у донор давлатларни, халқаро ва минтақавий молиявий тузилмаларни иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича миллий стратегия ва дастурларни амалга оширишга ҳар томонлама ҳисса қўшишга чақирди.

Раҳмон, шунингдек, сув ресурслари, хусусан, музликларнинг ҳосил бўлиш манбалари мониторингини кучайтиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, сув манбаларини муҳофаза қилишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва шу мақсадда Тожикистоннинг Халқаро музликларни ҳимоя қилиш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини амалга ошириш зарур.

Тожикистон раҳбари ривожланган мамлакатлар ва халқаро ташкилотларга ривожланаётган ва паст ривожланган мамлакатларга музликларни ва бошқа сув манбаларини кузатиш ва муҳофаза қилишда ҳар томонлама молиявий ҳамда техник ёрдам кўрсатишни таклиф қилди.

У Тожикистоннинг халқаро шериклари тожик томонининг ушбу соҳалардаги кейинги ташаббусларини қўллаб-қувватлашига умид билдирди.

Тожикистон президенти ўз чиқишида коронавирус мавзусига ҳам тўхталиб, дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан ишлаб чиқарилаётган COVID-19’га қарши вакцина барча мамлакатлар учун эркин тақдим этилишига умид билдирди. У келажакда ишлаб чиқарувчи мамлакатлар томонидан бошқа давлатлар аҳолисининг заиф қатламлари, хусусан, болалар, аёллар ва кексалар гуманитар ёрдам шаклида вакцина билан қамраб олинишига умид қилишини айтди.

Унинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси Тожикистонга жиддий таъсир кўрсатди.

Президентнинг сўзларига кўра, касаллик тарқалишининг олдини олиш учун бугунги кунда Тожикистон ЖССТ, мамлакатлар ва ривожланиш бўйича шериклар билан ҳамкорликда бу йўналишда барча чораларни кўрган ҳолда зарур дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналарни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

«Нуфузли халқаро ташкилотлар коронавирус тарқалишининг оқибатларини узоқ муддатли жараён деб баҳоламоқда, бу, албатта, жаҳон иқтисодиёти ривожланишига таъсир қилади. Ушбу вазият фонида Тожикистон мисли кўрилмаган катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Коронавирус пандемияси миллий иқтисодиётнинг барча соҳаларида, шу жумладан, инвестиция фаолияти, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, ички ва ташқи савдо, туризм ва хизматлар, транспорт соҳасида кўрсаткичларнинг пасайишига олиб келди», - деди президент. 

Мавзуга оид