Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қодир Жўраев: БМТ ҳузурида қўмита ташкил қилинса, у Афғонистон масаласидаги бир ёқлама ёндашувларини ягона платформага солиб, нейтраллаштириб туради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича алоҳида қўмита ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи борасида фикр билдирди.
«Сўнгги 4 йилдан бери Ўзбекистон қўшни Афғонистондаги можарони бартараф этишга катта эътибор қаратиб келяпти. Ушбу муаммо Ўзбекистон етакчисининг халқаро кун тартибидаги энг устувор масала десак, асло муболаға бўлмайди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ҳам юртбошимиз Афғонистон муаммосига яна бир бор тўхталиб, «Фақат биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали биз афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бу борада «Беқарор ва вайронкор вазиятдан - тинчлик ва бунёдкорлик сари» деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир», деб алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари БМТнинг доимий эътибор марказида бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлаб, БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича алоҳида қўмита ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Доимий фаолият олиб борадиган ушбу қўмитанинг асосий вазифаси ушбу мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда бундай тузилмани ташкил қилишга зарурат жуда юқори. Тўғри, Афғонистон муаммосининг ечими билан шуғулланувчи турли халқаро ва минтақавий идоралар бор, бироқ на БМТда, на унинг бирор бир ихтисослашган муассасаларида доимий фаолият олиб борувчи институционал тузилмалар мавжуд. Қолаверса, БМТда Афғонистон бўйича аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириб туриш ҳар доим муаммо бўлиб келган.
Шу боис, мамлакатимиз раҳбарининг ушбу таклифи жуда ўринлидир. Агар БМТ ҳузурида шундай қўмита ташкил қилинадиган бўлса, у бир томондан, аъзо давлатларнинг Афғонистон масаласидаги бир ёқлама ёндашувларини ягона платформага солиб, нейтраллаштириб туради. Иккинчи томондан эса, давлатларнинг саъй-ҳаракатларини ягона ўзанга солиб, уларнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда, таклиф этилаётган қўмита жафокаш афғон халқининг қадди-қоматини тиклашга, Афғонистонда миллий тикланиш ва ривожланишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, президентимиз бундан 3 йил олдин, БМТ Бош Ассамблеясининг 72–сессиясида (2017 йил сентябрь) ҳам Афғонистон масаласига тўхталиб ўтган ва бу ердаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича муҳим таклиф билдирган эди. Ана шу таклиф асосида кейинроқ, яъни 2018 йилнинг 26-27 март кунлари БМТ шафелигида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги конференция ташкил этилган эди.
Мазкур конференция Афғонистонда ўзаро курашаётган кучлар ўртасида тўғридан тўғри музокараларни бошлаш зарурлиги тўғрисида минтақавий ва глобал даражада консенсусни шакллантириб берди. Конференция якунлари ўлароқ қабул қилинган Тошкент декларацияси эса Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ўзига хос стратегиясига айланди.
Эътироф этиш зарурки, ҳозир Афғонистондаги кескин вазият анча юмшаган бўлиб, сиёсий риторика ҳам анча ижобий томонга ўзгарди. 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида афғон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари бошлаб юборилган бўлиб, томонлар, жуда эҳтиёткорлик билан бўлса-да, эҳтимолдан холи бўлмаган сулҳ келишуви тўғрисида гапира бошладилар. Демак, Афғонистон ҳар қачонгидан кўра тинчликка яқин, бу ерда осуда ҳаётни ўрнатиш имконияти пайдо бўлмоқда.
Ўзбекистон ички афғон ярашуви жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу мамлакатимиз миллий манфаатларига ҳар томонлама мос келади. Зеро, Афғонистондаги осуда ҳаёт Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кооперация учун улкан имкониятлар очиб беради», - деб ёзади Қодир Жўраев.