Ўзбекистон | 17:20 / 24.09.2020
1883
4 дақиқада ўқилади

Бу давлатларнинг жавобгарлигини таъминлашга ёрдам беради – Бобур Бекмуродов парламент ролини ошириш тўғрисида махсус резолюция ташаббуси ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида берган таклифларидан бири бўйича муносабат билдирди.

Ҳукуматнинг муҳим қарорларини қабул қилишда парламентнинг роли ва фаоллигини кучайтириш, қонунлар ва дастурий ҳужжатлар ижроси устидан айниқса, жойларда парламент назорати – Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишида устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати муаммоларини ҳал қилишда Олий Мажлис ваколатлари босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Жумладан, ўтган йилдан бошлаб Олий Мажлис палаталарига Вазирлар Маҳкамасининг таркибини тасдиқлаш ҳуқуқи берилди, бу ҳам ижроия органлари, ҳам мамлакат парламентининг масъулиятини оширишга ёрдам беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил январь ойида Олий Мажлисга Мурожаатномасида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида амалий ўзаро алоқаларни ўрнатиш, ушбу масала бўйича мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ўтказиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Парламентлараро иттифоқнинг 2020 йил февраль ойида берган тавсияларига мувофиқ, самарали парламент назорати ва барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларини амалга ошириш жараёнини таҳлил қилиш учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Комиссия ҳам республика миқёсида, ҳам ҳудуд ва туманлар кесимида доимий равишда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадларнинг бажарилишини назорат қилади. Бунда 6600дан ортиқ маҳаллий Кенгаш депутатлар салоҳияти жалб қилинади.

Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бажарилишини назорат қилишда парламент аъзоларининг роли уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб этишдаги роли, шу жумладан, халқаро шартнома ва конвенцияларни ратификация қилиш йўли билан, шунингдек, қонунчиликда ва амалиётда инсон ҳуқуқларининг халқаро концепциялари назоратини таъминлаш билан ўзаро боғлиқдир. Шу жиҳатдан жорий йилнинг май ойида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳиднинг тавсияларини бажариш бўйича «Йўл харита»сини амалга ошириш жараёни ҳақида онлайн шаклдаги парламент эшитуви бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Парламент комиссияси тузилди, у ҳар чоракда вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси ва унга «Йўл харитаси» ижроси тўғрисида маълумотларини тинглайди.

Муҳтарам президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясининг ялпи қисмида сўзлаган нутқида БМТ Бош ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

Бу давлатларнинг БРМ (Барқарор ривожланиш мақсадлари) олдидаги мажбуриятларини самарали бажариш учун жавобгарликни таъминлашга ёрдам беради. Парламент аъзолари ўз функциялари доирасида фуқароларнинг, сайловчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда инсонга йўналтирилган ривожланиш жараёнларини илгари сурадилар. Парламент вакиллари миллий режалар ва дастурларнинг бажарилишини назорат қилиш, парламент назоратини таъминлаш билан бир қаторда режалаштириш, бюджетни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, амалга ошириш ва БРМга эришиш йўлидаги тараққиётни мониторинг қилиш бўйича қарорларни аниқлаш учун минтақавий ва глобал даражадаги мамлакатлар ўртасида тажриба алмашадилар.

Мавзуга оид