Жамият | 22:00 / 28.09.2020
6011
4 дақиқада ўқилади

Салкам 1 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний савдоси фош этилди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан навбатдаги божхона қонунбузилиши ҳолатига чек қўйилди.

Фуқаро А.О. бошқарувида бўлган «Исузу» русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, унинг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 533,4 миллион сўмлик 1046 дона уяли алоқа воситалари,160 дона дазмол, 48 дона чангютгич, 26 дона кабоб пиширувчи мосламалар, 12 дона блендер каби маиший техника товарлари борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Р.Ш. нинг «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида, унинг юкхонасидан хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 12 950 000 сўмлик, 15 хил турдаги жами 37 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Шундан сўнг фуқаро Р.Ш.нинг вақтинчалик яшаш манзили кўздан кечирилганида, хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 448 миллион сўмлик 5 хил турдаги жами 1120 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, умумий қиймати 994 350 000 сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

«Исузу»даги блендерлар манзилга етиб бормади

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида фуқаро М.У. бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, автоуловда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 120 миллион сўмлик блендерлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Э.Х. бошқарувидаги «Isuzu» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада унинг автоулови юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 45 миллион сўмлик, 2500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

129,5 миллион сўмлик товар моддий бойликларини ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Б.Х. бошқарувида бўлган «Isuzu Saz» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 129,5 миллион сўмликни ташкил этувчи 2400 дона диплайнер ва кўз қалами, 57 дона электр устара, 40 дона эпилятор, 720 дона кўзлар учун маскалар ва 164 дона электр устаралари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид