Ўзбекистон | 21:06 / 29.09.2020
20649
6 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши кураш агентлигига қандай ҳуқуқлар берилиши кутилаётгани маълум бўлди

Агентликка кўплаб турдаги ҳужжатларни ўрганиш учун талаб қилиб олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги коррупция ҳолатларини ўрганиш, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ва банк сирларига тааллуқли маълумотларни тўғридан тўғри олиш каби ваколатлар берилиши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

«Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади. Агентлик ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор этиб белгиланади.

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари ваколат муддатини беш йил этиб белгилаш ва мазкур лавозимларга сурункасига икки мартадан кўп тайинланишни тақиқлаш назарда тутилган.

Қонун билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қуйидаги ҳуқуқларни бериш кўзда тутилмоқда:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, давлат қарзлари, давлат ташкилотлари томонидан ўзлаштириладиган халқаро кредит ва грант маблағлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиб олиш ва ўрганиш;
  • ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини, шунингдек аноним мурожаатларини ҳам кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатларини ўрганиш;
  • оффшор ҳудудлар орқали амалга ошириладиган молиявий операциялар, ҳайрия, спорт ва бошқа ташкилотлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш аломатлари мавжуд ҳолатларни ва коррупция ҳолатларини ўрганиш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши комплаенс назорат тузилмалар ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилишда келишиш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини, шунингдек ваколати доирасида текширув, суриштирув, тергов ва суд материалларини талаб қилиб олиш ва ўрганиш;
  • хатти-ҳаракатларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан тўпланган материалларни қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юбориш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни тезкор ва ўз вақтида бажариш мақсадида вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаси, рўйхати ва бошқа кўринишдаги ахборот тизимидан фойдаланиш;
  • объектни декларация қилиш, унинг нархини (баҳосини) экспертизадан ўтказиш тартибини белгилаш;
  • мол-мулк ва даромадларни декларация қилиш қоидаларини бузган мансабдор шахс ва фуқароларга оид материалларни қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юбориш;
  • давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш йўриқномаси ҳамда шаклини тасдиқлаш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ва банк сирларига тааллуқли бўлган, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳимояланган маълумотларни тўғридан-тўғри олиш;
  • коррупцион ҳуқуқбузарликлар оқибатида орттирилган мол-мулкларнинг қайтарилиши бўйича ҳаракат ва ишларни мувофиқлаштириш;
  • кўриб чиқилаётган ишлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситаларидан фойдаланиш;
  • ўрганишда бўлган материаллар бўйича жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаб туриш муассасалари ва бошқа ташкилотларга монеликсиз кириш ва ҳужжатлар билан танишиш;
  • давлат қарзлари, халқаро кредит ва грант маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирув ҳаракатлари ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳамда давлат ва жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жиддий зарар етказадиган коррупцион ҳуқуқбузарликлар юзасидан тезкор қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш;
  • давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;
  • давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари коррупция белгилари аниқланган қарорларини бекор қилиш тўғрисида судларга ариза киритиш;
  • коррупциявий ҳуқуқбузарликлар орқали топилган мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисида судларга даъво аризалар киритиш;
  • ваколати доирасида ўрганилаётган масалалар юзасидан ишга алоқадор шахсларни чақириш ва тушунтириш олиш;
  • Агентликнинг тақдимнома, огоҳлантириш ва сўровларига вақтида жавоб бермаслик ёхуд эътиборсиз қолдириш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар тузиш;
  • давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома, сўров ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт этиб белгиланиши кутилмоқда.

Лойиҳага кўра, агентлик ходимлари хизматни ўташ даврида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Агентлик директорининг розилигисиз агентлик ходими жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас, деб белгилаш таклиф этилмоқда.

Мавзуга оид