Ўзбекистон | 23:08 / 30.09.2020
11183
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Мактаб директорлигини энг яхши 5 йиллик ривожлантириш дастурига эга номзодлар эгаллаши керак»

Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётдаги нуфузи ва мавқейини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилашни таклиф қилди.

Қонунда, мактаб директорига қўйиладиган талаблар, унинг асосий вазифалари ва фаолиятини баҳолаш мезонлари ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилаш зарурлиги қайд этилди.

«Мактаб директори лавозимини танлов асосида, мактабни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича энг яхши дастурга эга номзод эгаллаши керак. Энди мактаб директори йил якуни бўйича дастур ижроси ҳақида маҳаллий кенгашда ҳисобот беради ва унинг фаолиятига халқ вакиллари томонидан очиқ-ойдин баҳо бериб борилади. Мактаб директорига интизомий жазо бериш ва уни лавозимидан озод этиш масалалари ҳам маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур», деди давлат раҳбари.

Парламент аъзоларидан маҳаллий кенгашларнинг мактаблар билан ишлаш тизимини алоҳида назоратга олиб, ушбу жараёнларга яқиндан кўмак беришлари сўралган. Олий Мажлис палаталари икки ой муддатда умумтаълим мактаблари билан ишлашни янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак бўлади.

Келгуси икки йил давомида мактабларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш харажатларини 2 баробар ошириш, уларни замонавий жиҳозлар ва кўргазма қуроллари билан тўлиқ таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид