Ўзбекистон | 09:12 / 01.10.2020
3772
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонда USAID’нинг янги икки томонлама ваколатхоналари ишга туширилганини эълон қилди

Янги миссиялар 2021 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.

Кеча, 30 сентябрь куни, Мерос жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) администратори вазифасини бажарувчи Жон Барса Тожикистон ва Ўзбекистонда USAID’нинг янги икки томонлама ваколатхоналари ишга туширилганини эълон қилди

Қўшма Штатлар элчихонаси хабарига кўра, АҚШнинг Марказий Осиё бўйича 2019-2025 йиллардаги Стратегияси тақдимотидан атиги бир неча ой ўтиб қилинган ушбу эълон USAID’нинг Марказий Осиё халқлари олдидаги узоқ муддатли садоқатини ифодалайди.

“Миссиялар USAID фаолият юритадиган асосий марказ бўлиб, у Қўшма Штатларнинг ҳукумат ҳамда мамлакат халқи билан тўғридан-тўғри ва сермазмун муносабатларни ўрнатишга содиқлигини намойиш этади. Шунингдек, ушбу миссиялар минтақадаги фаолиятимизни мувофиқлаштиришга ёрдам бериб, Марказий Осиёдаги бирон бир давлат эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди”, - деди Жон Барса.

Администратор вазифасини бажарувчи Барса Тожикистоннинг АҚШдаги элчиси Фарҳод Салим ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовлар иштирокида USAID минтақада ўзининг олдинги муваффақиятларига таянган ва янги имкониятлардан фойдаланган ҳолда нафақат иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни бошқариш, балки савдо соҳасида адолатли муносабатларни қўллаб-қувватлаш, энергетика бозорида ўзаро муносабатларни кенгайтириш ҳамда минтақавий барқарорликни кучайтириш борасида ислоҳотлар қилишни ҳам кўзлашини таъкидлади.

“Марказий Осиё бўйича Стратегияси доирасида Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё давлатлари билан уларнинг барқарорлигига нисбатан узоқ ва қисқа муддатли таҳдидларга ҳамда ёвуз кучларга чидамлилигини кучайтириш, шунингдек, АҚШ билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида шериклик алоқаларини чуқурлаштириш борасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда”, - дейилади хабарда.

Янги миссиялар 2021 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.

Мавзуга оид