Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танзила Норбоева БМТнинг хотин-қизлар мавзусидаги глобал саммитида ўзбек тилида нутқ сўзлади
1 октябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Хотин-қизлар статуси бўйича тўртинчи бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллигига бағишланган (Пекин + 25) глобал саммит бўлиб ўтди.
Видеоанжуман тарзида ўтган саммитда Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева иштирок этиб, ўзбек тилида нутқ сўзлади. Унинг нутқи БМТнинг барча расмий тилларига таржима қилинди, деб хабар бермоқда Сенат ахборот хизмати.
Форумдан мақсад – Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси (1995 йил) қоидаларига амал қилиниши ва гендер тенглик борасида эришилган ютуқларни кўриб чиқиш эди.
Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси 1995 йил сентябрда Хитой пойтахтида, Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган.
«Бугун Пекин Ҳаракатлар платформаси гендер тенгликка эришишга ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган сиёсатнинг олтин стандарти ҳисобланади. Унда қатъий чоралар кўриш зарур бўлган 12 та муҳим йўналиш белгиланган», – дея қайд этилган хабарда.

Танзила Норбоева ўз сўзида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқ-имкониятларини айниқса пандемия даврида кенгайтириш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган амалий чоралар билан таништирган.
«Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг нутқи тадбир иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар республикада хотин-қизлар мақомини ошириш, уларнинг давлат сиёсатини амалга оширишдаги, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштирокини кучайтириш, шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнига уларни жалб этиш бўйича республикада кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уларга юқори баҳо бердилар», – дейилади хабарда.