Жаҳон | 00:00 / 03.10.2020
53789
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Исроилда истиқболли даволаш усули топилди, ҳид сезиш йўқолиши эса энг ишончли аломат ҳисобланяпти

Ал-Қудснинг Ҳадасса касалхонасида оғир ёки ўта оғир аҳволда коронавирусдан азият чекаётган беш нафар бемор бир неча кунлик тажриба усулидаги даволанишдан сўнг тўлиқ соғайди. Бундан ташқари, тестлар уларнинг қонида вирус йўқолганини кўрсатди. 

Фото: Reuters

BBC Russian дунёда коронавирус билан боғлиқ сўнгги воқеалар дайжестини келтирди.

Барча беморлар Исроилнинг Enlivex Therapeutics компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва иммунотерапияга ихтисослашувчи Allocetra препарати билан даволанган. 

Allocetra Covid-19 беморларида тез-тез кузатиладиган кўплаб органлар ишдан чиқиши ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин бўлган юқори иммунитет реакциясини пасайтиради. 

Гарчи, тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун, соғайган беморлар яна 28 кун давомида шифокорлар томонидан назорат қилиниши керак бўлса-да, ҳозирча уларнинг ҳеч бирида ножўя таъсир аниқланмади. 

Enlivex компанияси препаратнинг янада кенг кўламли клиник синовларини бошлайди. 

Ҳид сезиш қобилияти йўқолиши - коронавируснинг асосий аломати
Лондон Университет коллежи (UCL) томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни аниқ кўрсатдики, ҳид сезиш йўқолиши коронавирус инфекциясининг ниҳоятда аниқ ва балки асосий аломатидир. 

Апрель ойида шифокорлар таъм ёки ҳид сезиш қобилиятининг йўқолиши инфекцияланишдан дарак бериши мумкинлигини англаб етишганди, май ойи ўрталарига келиб эса бу коронавирус аломати экани расмий тан олинди.

Амалдаги қоидаларга мувофиқ, бундай аломат кузатилган одамлар дарҳол ўзини яккалаш тартибига ўтиши ва коронавирусга таҳлил топшириши керак. Бироқ ҳануз йўтал ва юқори иситма асосий белги сифатида ҳисоблаб келинган.

Йил бошида ҳид сезиш қобилиятини йўқотган 590 кишини текширган UCL мутахассисларининг фикрига кўра, эндиликда айнан ҳид сезиш қобилияти йўқолишини касаллик енгил шаклда ўтса ҳам, вирус юқтиришнинг асосий аломати деб ҳисоблаш зарур.

Париж хавфнинг уч чегарасини босиб ўтди

Парижда душанба кунидан бошлаб коронавирус тарқалиши билан боғлиқ максимал даражадаги хавф жорий этилади. 

Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран матбуот анжуманида таъкидлаганидек, пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудлар энг юқори даражадаги хавф ҳолатини жорий этиш учун зарур бўлган учта чегарани босиб ўтди. Улардан бири 100 минг кишига 250 нафар бемор тўғри келувчи даражадан ошишдир. 

Бундан ташқари, Францияда пайшанба куни охирига келиб сўнгги 24 соат ичида касаллик  юқтирганлар сони 13 мингдан ошди. 

Вераннинг сўзларига кўра, Париждаги реанимация бўлимларининг 30 фоиз имкониятлари аллақачон коронавирус беморларини даволашга сафарбар қилинган. Вазирнинг таъкидлашича, хавфнинг максимал даражаси киритилгандан сўнг ҳозирда кечки соат 10гача фаолият юритаётган ресторан ва барларни ёпишга, шунингдек, ҳатто қариндошлар билан кўришишни тақиқлашга тўғри келади.

Европанинг яна бир пойтахти Мадридда ҳам қисман локдаун жорий қилинди. Испания ҳукумати аҳолига ўта зарурат бўлмаганда ўз уйларини тарк этишни тақиқлади. 

Шу муносабат билан ЖССТнинг огоҳлантиришича, Европада коронавирус касаллигининг ўсиши ҳар ким учун огоҳлантириш вазифасини ўташи керак. 

«Олтилик қоидаси» иш беряпти

 

Учта мустақил тадқиқот маълумотлари шуни кўрсяптики, Англия ва Уэльсда коронавирус инфекцияси тарқалиши ўтган ҳафталарга нисбатан секинлашди.

Миллий статистика бюросининг бир ҳафта олдин эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра, Англия ва Уэльсда ҳар 500 кишидан бир киши Covid-19'ни юқтириб олган. Беморлар сони аввалгидек кўп бўлса-да, унинг тарқалиши секинлашди. Мутахассислар буни ҳимоя чоралари, хусусан, «олтилик қоидаси»га қатъий риоя қилиниши билан изоҳламоқда.

Айни пайтда, жума куни Буюк Британия ҳукумати бир бемор ўртача қанча одамга вирус юқтиришини кўрсатувчи R коэффициенти бўйича ўзининг баҳосини ўртача 1,3-1,6гача кўтарган. 1дан юқори бўлган ҳар қандай кўрсаткич эпидемия тарқалишда давом этаётганини англатади. 

Ўтган кун давомида Британияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 6914та янги ҳолат аниқланди, 59 киши вафот этди. Шундай қилиб, Covid-19'га мусбат натижа кўрсатганидан кейинги 28 кун ичида вафот этган инсонлар сони умумий ҳисобда 42 минг 202 нафарга етди.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Бирминҳэмни ўз ичига олган Вест-Мидлендс графлиги ҳукумати эмлаш кампаниясига ноябрь ойининг бошига қадар тайёргарлик кўриш бўйича йўриқнома олди. Бу йил охиригача вакцина пайдо бўлиши мумкинлигини англатади.

Amazon'нинг 20 минг ишчиси коронавирус билан касалланган - компания хатарни қониқарли деб атаяпти

Amazon компанияси ўзининг АҚШдаги 20 мингга яқин ходими коронавирус билан касалланганини тасдиқлади.

Компания пандемия пайтида ишлашни давом эттираётгани сабабли, ходимларининг ҳаёти ва соғлигини асоссиз хавф остига қўйгани учун танқид қилинмоқда. Бироқ, Amazon раҳбарлари кўплаб одамлар харидларни тўғридан тўғри дўконларда амалга ошира олмаётган бир шароитда компания етказиб бериш хизмати орқали муҳим вазифани бажараётганини таъкидламоқда. 

Бундан ташқари, Amazon'дагиларнинг айтишича, беморлар дунё бўйлаб фаолият юритувчи 1,37 миллион ишчи сонининг атиги 1,44 фоизини ташкил қилади. 

Amazon ижтимоий масофаланиш, барча ишчилар ҳароратини доимий равишда ўлчаб туриш ва ҳар ярим соатда биноларни дезинфекциялаш каби кескин чораларни жорий қилган. 

Янги Зеландиядан Австралияга - карантинсиз
16 октябрдан Янги Зеландия аҳолисига Австралияга мажбурий карантин тартибисиз учиш ҳуқуқи берилади. Янги Зеландия австралияликлар учун шу каби ҳуқуқ бериши мумкинлиги ҳақида ҳали хабарлар йўқ.

Пандемия даврида у ерда 2 мингга яқин касалланиш ҳолати ва 25 ўлим қайд этилган. Австралияда 27 минг бемор рўйхатга олинган ва 888 киши вафот этган.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатнови пандемия бошланган март ойида тўхтатилган эди. 

Бироқ рухсат ҳозирча фақат Янги Жанубий Уэльс ва Шимолий ҳудуд штатларига тааллуқли - бошқа штатлар маъмурлари чекловларни бекор қилиш тўғрисида мустақил қарор қабул қилади.

Австралиянинг федерал ҳукумати ҳолдан тойган иқтисодиётга ёрдам бериш учун ички ва халқаро парвозларни иложи борича тезроқ тиклашга интилаётган бўлса, Виктория штати ҳали ҳам Мельбурндаги коронавирус авж олишидан кейинги локдаунда қолмоқда.

Мавзуга оид