Ғазо марказидаги Бурейж қочқинлар лагеридаги вайрон бўлган уйлар орасида юрган фаластинлик бола. Фото: Муҳаммад Сабр / EPA-EFE

21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазирини уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун ҳибсга олишга ордер берди. Бу ордер Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга Исроилнинг юқоридаги мансабдорлари қадам қўйса, уларни ҳибсга олиш мажбуриятини юклайди.

Халқаро суд, Исроил расмийларига кўра Ғазода ўлдирилгани айтилаётган, Ҳамас ҳарбий етакчиси Муҳаммад Дейфни ҳисбга олиш учун ҳам ордер берган. Суд прокурорлари унинг ўлимини тасдиқлай олмагани учун буйруқни маъқуллаганини айтган. Шунингдек, Ҳамаснинг бошқа етакчилари Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар Исроил томонидан ўлдирилгани тасдиқлангач, улар учун яна иккита ордер аризаси бекор қилинди.

Washington Post нашрининг ёзишича, Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Галлантга қўйилган айблар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари билан боғлиқ. Урушда ўн минглаб фаластинликлар ўлдирилди, 2 миллионга яқин одам мамлакат ичкарисида кўчишга мажбур бўлди. Сектор соғлиқни сақлаш тизими ва инфратузилмасининг катта қисми вайрон қилинди. Суд баёнотида айтилишича, Нетаняҳу ва Галлант у ердаги жиноятлар: уруш усули сифатида тинч аҳолини очликда қолдириш, шунингдек, қотиллик, таъқиб ва бошқа ғайриинсоний ҳаракатлар учун жавобгарликни зиммаларига олишларига етарли асослар топилган.

Муҳаммад Дейф эса 2023 йил 7 октябрда Ҳамас ҳарбийлари Исроилга ҳужум уюштиргани учун инсониятга қарши жиноятлар: қотиллик, қийноқлар, зўрлаш ва гаровга олинганларни ўғирлашда айбланган. Ҳамас ўша ҳужумда мингдан ортиқ исроилликни ўлдиргани ва яна 250 кишини Ғазога асирликка олиб кетгани айтилмоқда.

Ҳуқуқшунослар суд қарори муҳимлигини таъкидлаган. 124 давлат, жумладан Европадаги АҚШнинг кўпчилик иттифоқчилари ўз ҳудудига Исроил бош вазири кирса, уни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Шу билан бирга Исроил ҳам, АҚШ ҳам ХЖС суд низомини имзолаган эмас. Экспертлар Ҳамас вакилининг ҳам таркибга киритилиши 7 октябрь ҳужумлари қурбонлари учун адолат йўлида муҳим қадам бўлганини айтишмоқда.