Ўзбекистон | 11:43 / 07.10.2020
15179
2 дақиқада ўқилади

Давлат ресурсидаги ун нима сабабдан биржа савдосидан олинганига изоҳ берилди

АОКАда озиқ-овқат маҳсулотларида нарх белгилаш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кўтарилишига таъсир этувчи омиллар мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маҳсулот нархлари ошишига таъсир этувчи омиллар муҳокама қилинди.

Анжуманда Kun.uz мухбири мутасаддиларга нима сабабдан ун маҳсулоти биржа савдоси орқали сотилмаётгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шаҳобиддин Ортиқов биржа савдолари орқали ун сотиш тўхтатиб қўйилмагани, фақат давлат ресурслари ихтиёридан ажратиладиган ун маҳсулотларини карантин пайтида манзилли етказиб беришда муаммолар келиб чиққанини айтиб ўтди.

«Масалан, биржада нархлар кескин ўсиши ҳолатини ҳисобга олиб давлат ресурсига қабул қилинган ун маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб бериш тартиби жорий қилинди. Бу тартиб вақтинчалик. Деҳқон бозорларида 3800-4000 сўмдан сотилаётган ун маҳсулоти хориждан келтирилаётган хом ашё асосида ишлаб чиқарилган ва бу нархдаги унни Қозоғистон маҳсулотидан кириб келадиган маҳсулот ташкил қилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган ун нархи эса 2800 сўмни ташкил қилади. Аҳолининг турли қатламлари ва қишлоқ аҳолисига етказиб бериладиган ун билан пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини тўла қамраб олиш, нарх-навода кескин ўсиш кузатилмаслиги учун тўғридан тўғри етказиб бериш тартиби жорий қилинди», деди у.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, яқин 1-2 ойда ун маҳсулоти эркин бозор механизмлари асосида сотилишни бошлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, шакар, ун ва бошқа маҳсулотларнинг камида 4-5 ойлик захиралари ҳам мавжуд.

«Нархни бозор белгилаши керак. Бу тўғри, лекин биржада давлат ресурсини қўймаганимиз манзилли етказиб беришдан иборат бўлган. Яқин 1-2 ойда ун маҳсулоти эркин бозор механизмлари асосида сотилишни бошлаши билан ҳам нархларда ўсиш кузатилмайди. Чунки ҳозир ҳам аҳолининг тегишли қатлами учун ун 3000 сўмгача сотилмоқда ва ўсиш ҳолати кузатилмаган», деди у.

Мавзуга оид