Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Путин ва Имомали Раҳмон билан минтақадаги вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳамда Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Россия ва Тожикистон раҳбарлари билан мулоқотларда минтақада юзага келаётган вазият муҳокама қилинган, бўлажак тадбирлар режаси, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йил июль ойида Москва шаҳридаги учрашув чоғида эришилган келишувларга мувофиқ бўлажак олий даражадаги мулоқотларга тайёргарлик кўриш бўйича биргаликдаги фаол ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Пандемия оқибатларига қарамай, ўзаро ташрифлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи компания ва корхоналари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик кўлами ва товар айирбошлаш ҳажми кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Таълим ва маданий алмашинувга доир муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон президенти коронавирусга қарши курашишда кўрсатилган амалий ёрдам, жумладан, Россиядан врач ва мутахассисларнинг катта гуруҳи юртимизга жўнатилгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат вазирлик ва идоралари даражасида, шу жумладан жорий ойда бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси доирасида яқиндан мувофиқлашув ва ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Бунда, аввало, кўп қиррали муносабатларнинг устувор дастур ва лойиҳаларини, бизнес ва ҳудудлар кооперациясини кучайтириш бўйича узоқ муддатли «йўл харитаси» тайёрлашни жадаллаштириш назарда тутилади.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақада юзага келаётган вазиятни муҳокама қилдилар, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.
Мавзуга оид
12:39 / 26.08.2025
Самарқандда Иордания подшоҳини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди
22:39 / 25.08.2025
Иордания подшоҳи Самарқандда «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуасини томоша қилди
21:50 / 25.08.2025
Шавкат Мирзиёев Иордания подшоҳи билан Самарқанднинг тарихий обидаларини томоша қилди
19:03 / 25.08.2025