Жамият | 19:10 / 09.10.2020
6956
3 дақиқада ўқилади

“Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi”дан жабрланганларнинг пуллари қайтарилмоқда

Фуқароларга етказилган жами зарар 19,5 млрд сўмдан ошиқ, терговда ундирилган ва хатланган мол-мулк эса 8,5 млрд сўм атрофида.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ҳукми билан “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатлари оқибатида 2 297 нафар фуқароларга етказилган 19 млрд 676 млн сўм моддий зарарларни ундириш юзасидан ижро ҳужжатлари 9 октябр куни МИБ органларига келиб тушган.

Ҳозирда мазкур ижро ҳужжатларига асосан моддий зарарларни жабрланганларнинг ҳисоб-рақамларига ўтказиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Агентликдан жабр кўрган фуқаролар республиканинг турли ҳудудларида яшашлигини инобатга олиб, уларга янада қулайлик яратиш ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида тўловлар жойлардаги МИБ органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шу боис, жиноят ишида жабрланувчи дея эътироф этилган фуқаролар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда пластик карточкалари билан, дам олиш кунларидан ташқари (соат 09-00дан 18-00га қадар) қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилишлари сўралмоқда:

Эслатиб ўтамиз, ЖИБ Яккасарой туман судининг шу йил 14 сентябрдаги ҳукми билан “Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi” МЧЖнинг 12 нафар мансабдор шахслари жавобгарликка тортилган.

Суд ҳукми билан судланувчилардан жабрланувчилар фойдасига солидар тартибда жами 19 млрд 551 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган. Ундирув ИИВ депозит рақамига топширилган жами 7 млрд 831 млн сўм пул маблағлари ва 573 млн 856 минг сўмлик хатланган мол-мулкларга қаратилган.

“Korean аnd Migrations xususiy bandlik agentligi”дан жабрланганлар шу йилнинг 30 сентябрида Бош вазир билан учрашиш истагида Мустақиллик майдонида тўпланишган эди. Улар билан суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов тергов ва судда хатланган мол-мулк жабрланувчиларга пропорционал тарзда тақсимланишини айтганди. Вазир зарарнинг қолган қисми вазирлик ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан тўлаб берилиши ёки тўланмаслиги хусусида маълумот бермаган.

Бугунгача “Human xususiy bandlik agentligi”дан жабрланганлар кўрган зарар Ҳукумат топшириғи билан Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ тўлаб берилган.

Шу йилнинг 8 октябрида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi»дан жабрланган фуқаролар билан учрашувда улар кўрган зарарнинг тергов ва судда ундирилмаган қисми вазирлик ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан тўлаб берилишини айтганди.

Мавзуга оид