Бундан ташқари, дастурдан «Локомотив» яримҳимоячиси Вадим Афонин билан интервью ҳамда тез-тез тугатилиб, қайтадан ташкил этиб туриладиган «Андижон» клуби мавзусида юрист Зокиржон Холиқов билан суҳбат ҳам ўрин олган.

«Андижон» можароси ФИФА даражасига кўтарилиши мумкин

«Андижон» клуби бу йил ҳам тугатилиб, қайта ташкил этилди. Аммо бу амалиёт бу клуб учун янгилик эмас: кўплаб мавсумларда бир МЧЖ ёпилиб, ўрнига бошқа МЧЖ таъсис этилиши ва «Андижон» янги таъсисчи қўл остида чемпионатларда қатнашиши оддий ҳол.

Маълум бўлишича, бу иш – клубнинг турли қарздорликларини йўқ қилиб юбориш учун қилинар экан. Банкрот деб эълон қилинган МЧЖ футболчилар ва мураббийлар олдидаги мажбуриятларини бажаришга қодир эмас. Юрист Зокиржон Холиқов ойлик маошларини ололмаётган мутахассис ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани ва «Андижон» можароси ФИФА даражасига кўтарилиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Вадим Афонин: «Мен ўзбекман!»

Миллий жамоага бегона бўлмаган, клубдаги фаолиятининг катта қисмини Россияда ўтказиб, айни пайтда Тошкентнинг «Локомотив» клубида ўйнаётган яримҳимоячи Вадим Афонин билан интервью эса Россия ва Ўзбекистон лигалари ўртасидаги фарқ, «Локо»нинг сўнгги пайтлардаги муваффақиятсизликлари, Кападзенинг клуб мураббийлигига келиши, миллий жамоадан таклиф кутиши ва қалбан қаерга яқинроқ экани каби мавзуларда кечди.

– Жамоага Темур Кападзе келганидан сўнг нима ўзгарди? Қандай кайфият ҳукмрон?

– Менимча, кайфият барчада яхшиланди, чунки ғалабаларга эриша бошладик. Ўйинга муносабат, ўйинни олиб бориш, ўзаро тушуниш борасида яхшиланиш бор. Асосийси, ғоя бор.

– Кападзегача нима бўлган эди?

– Буткул ўзгариш борасида гапирмаган бўлардим. Мураббий жамоани керакли йўналишга бура олди, баъзи хатолар устида ишлади ва тузата олди. Пандемия ҳам бизга таъсир қилгани бор гап. Тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмади. Йиғинлар ҳам бир маромда ўтмади. Сабаблар етарли. Баъзи ўринларда керагидан ортиқ, баъзиларида эса етарли бўлмагандир ҳаракатларимиз. Янги одам келса, барибир нимадир ўзгаради.