Роппа-росса 10 йил аввал – 2011 йилнинг ёзида Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон (U-17) жамоаси ўз тарихида илк марта яримфинал остонасигача етиб бориб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўсмирларимиз сафида ёрқин порлаган 17 ёшли Темур Ҳакимов нафақат Ўзбекистон, балки Мексиканинг ўзида ҳам мухлислар «ёқимтойи»га айланганди. Ўшанда ўзбек футболи юлдузи бўлиши кутилган Ҳакимов ҳозирда «Динамо» сафида Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. #FootWeek кўрсатуви ижодкорлари яқинда Самарқандда бўлиб, Темур Ҳакимов билан суҳбатлашишди. Қаҳрамонимиз юлдузли давридан 10 йил ўтиб, ҳозирги фаолияти, мақсадлари ва ўша пайтдаги хатолари ҳақида очиқ гапирди.
«Динамо»да яхши коллектив йиғилган»
- «Динамо» жамоасига мавсум олдидан қўшилгандим. Жамоа мураббийлар штабидаги Дилшод ака Шарофетдинов билан «Пахтакор»даги фаолиятимда бирга ўйнаганман. У киши жамоада ўзимни синаб кўришга чақирганди. Ҳозирда Про лигада 1-давра якунига етди. «Динамо» мавсумни яхши бошлаганди, 1-даврада учта ўйинда ютқаздик, ўшанда ҳам ўйин жиҳатдан рақибдан кучсиз эмасдик. Шунга қарамай, охирги ўйинлардаги ғалабалар эвазига яхши ўринга чиқиб олдик. Энг асосийси – Самарқандда курашувчан, яхши коллектив йиғилган. Ким асосий таркибда ўйнайди ёки захирада қолади – фарқи йўқ, барча бир-бирини қўллаб-қувватлайди, майдонда курашади. Жамоага «Agromir» ҳомийлик қилади, маошлар ўз вақтида бериб борилади, умуман бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Клубдаги бир ойлик маошим 5 миллион сўм.
Мавсум бошида асосий таркибда эдим, аммо сўнгги ўйинларда асосан захирадан майдонга тушиб ёрдам беришга интиляпман. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истардим, аммо барчаси мураббийимизнинг қарорига боғлиқ. Ким жамоага кўпроқ ёрдам берса, ўша майдонга тушади. Ҳозирги мақсадим клуб билан Суперлигага чиқиш.


Юлдузлик касали, ҳаётда йўл қўйган хатолари ва отасиз ўсгани ҳақида
- Ўтган йиллар давомидаги ҳамма воқеаларни айтиб берсам, интервью 4 соатга чўзилади. Қисқароқ қилиб гапирадиган бўлсам, кўп хатоларга йўл қўйганман. Ҳамма билади, Мексикадаги турнирдан кейин ўша пайтда футболни танламай, бошқа йўлларни танлаганман. Айни машғулотларга зўр бериш керак бўлган пайтларда, нотўғри йўлларда юрганман. Мисол учун, тенгдошларим машғулотларда қатнашиб, ўз вақтида дам олиб режимга амал қилишса, мен машғулотлардан кейин дам олмай, ресторанларда кўп юрардим, қизлар, ичкилик...















