Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони ўзбек шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, 80 йиллар шеърияти майдонига ўз овози, мусиқаси ва тили билан кириб келган ижодкор Азиз Саид бўлди.

Шоир Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзининг ижодий фаолияти, адабий мақолалари, ижодида узоқ вақт давом этган «жимлик» сабаби ҳақида сўзлаб берди. У шунингдек, ижодкорлар ўртасида адабий дўстлик, таниқли шоир Абдували Қутбиддин хотиралари ҳақида ҳикоя қилди. 

– Азиз ака, сиз билан суҳбатга тайёргарлик чоғида қатор шеърларингиз ва адабий мақолаларингиз билан танишиб чиқдим. Масалан, «Ғойибдан дўст билан суҳбатлар» номли тўпламидаги адабий мақолаларингиз билан.

Суҳбатимизни шу мутолаа асносида туғилган бир савол билан бошламоқчиман.

Баҳслардан бирида шеърнинг даражаси, шоирнинг қудрати нима билан ўлчаниши борасида гап боради. Сиз шеър кучини, шоир қудратини халқ меҳри, севгиси билан ўлчайсиз. Дўстингиз эса буларни баҳолаш учун бошқа мезонлар борлиги, сиз айтган жиҳатлар шунчаки юзаки омиллар эканини айтади.

Бугун ўзингиздан сўрамоқчиман, фикрингизча, шеърнинг даражаси, шоир қудрати аслида қандай мезонлар билан ўлчаниши керак? Улар қайси ҳолатда ҳақиқий баҳосини олади?

– Аслида, ҳар қандай шеърнинг баҳоси ундаги руҳ билан белгиланади. Чунки шоир шеърини ёзиш давомида ўз руҳини унга қанчалик ўтказиб ёза олган бўлса ва бу руҳ табиий туғилган бўлса, шеър уни ўзида ташийди. Бу руҳ йиллар, асрлар давомида шоирнинг ўша лаҳзадаги ҳолатини, фикрини ва истеъдодининг баҳосини ҳам ўзи билан олиб юради.

«Ғойибдан дўст билан суҳбатлар»да айтилганидек, шеърдаги машҳурлик ҳолатлари ҳам бор. Бирор шеър ёки шоир вақтинча машҳур бўлади. Аммо давр ва вақт ўтар экан, бу машҳурлик бошқа нарсаларга таянгани маълум бўлиб қолади. Натижада ўша шеърнинг ўрнини бошқалари эгаллай бошлайди. Бу халқнинг ўша пайтда шеърни қабул қилиш талаби, руҳий эҳтиёжига боғлиқ бўлади. Бу эҳтиёжлар пайдо бўлган вақтда бошқа мушоҳадалар қилинмайди.

Масалан, мустақилликка эришган дастлабки йилларимизда шоирларнинг ичида айтилмаган дардлар вулқондай қайнаб ётарди. Бу озодлик, тил, дин, тарих, ер, умуман ҳамма бойликларимизнинг дардлари эди. Кейин биз мустақилликка эришдик ва гўёки ўша бойликларга элтувчи йўллардан тўсиқлар олинди. Бу турли жанр, оҳанг ва ҳатто гап тарзида пўртанадек отилиб чиқди. Ўша пайтда шеърга нисбатан энг юқори туйғу, илоҳий тасаввурлар борасидаги талабларни қўйиш хаёлимизга келмади. Бу вазият табиий эди. Натижада ўша даврда ёзилган шеърларнинг машҳурлик даври ўтиб бўлди.