Ўзбекистон | 23:19 / 15.10.2020
10108
3 дақиқада ўқилади

«Кўп хатога йўл қўйилган» – ФВВ вакили турли фавқулодда ҳолатларга тайёр бўлиш зарурати ҳақида гапирди

«Сардоба» сув омборида рўй берган сув тошқини вақтида 3500дан ортиқ уй ҳайвонлари нобуд бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими майор Лазиз Камолов бунга аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёр бўлмаганини сабаб сифатида келтирди.

«Сардоба воқеаси бошланган пайтда, эрталаб соат 5:00ларда аҳолига хавф сигнали билан огоҳлантириш берилган. Одамлар уйларидан фақат ўзлари учун зарур нарсаларнигина олиб чиқишган. Лекин уй ҳайвонлари, ўзларига тегишли бошқа моддий қийматли нарсаларга эътибор беришмаган.

Мисол учун, битта оддий иш қилинса бўлар эди ўша ерда. Бу ҳам бўлса, уй ҳайвонларининг арқонини бўшатиб кетишса эди, талафот камроқ бўларди. Сув тошқинида 3500дан ортиқ уй ҳайвонлари нобуд бўлган. Бунинг натижасида турли касалликлар тарқалиш хавфи ҳам юзага келган. Агар шу уй ҳайвонлари бўш бўлганида эди, улар ҳам сувдан юқорига қараб ҳаракатланганида талафот кам бўларди», деди вазирлик вакили Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда.

У Ўзбекистон тизимида йиллар давомида асосан ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ ишларга эътибор берилгани, Сардоба ва Бухорода содир бўлган офатлар бундан буён табиий офат ва техноген вазиятларга ҳам эътиборли бўлишга ўргатганини билдирган. Аҳолининг ҳам фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш мақсадида вазирлик томонидан янги мобил илова ишлаб чиқилгани тўғрисида маълумот берилган.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида 14-15 йил давомида ишлаётган бўлсак, кўпроқ ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ ишларга эътибор берганмиз. Сардоба ва Бухорода бўлган табиий офатлар, техноген вазиятлар бизни ўргатдики, бошқа фавқулодда вазиятларга ҳам кучли эътибор қаратишимиз керак экан.

Бевосита воқеа жойида бўлганимизда аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга бўлган тайёргарлиги жуда суст эканини кўрдик. Улар кўп камчиликларга йўл қўйишган. Биз «Фавқулодда вазиятлар профилактикаси» номли мобил илова яратдик. Бунда келгусида шунга ўхшаш фавқулодда вазиятлар юз берганда аҳоли нималарга эътибор бериши кераклиги, қандай ҳаракат қилиш зарурлиги кўрсатилган», дея ФВВ расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, май ойида Сирдарёда ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида қатнашган ФВВ бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардоба фожиасида 6 мингга яқин уй ҳайвонлари нобуд бўлганини маълум қилганди. 

Мавзуга оид