Ўзбекистон | 14:19 / 16.10.2020
10282
2 дақиқада ўқилади

Сайдимурод Исмоилов Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимига тайинланди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра, вазирлик ҳузуридаги академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг директори лавозимига Сайдимурод Исмоилов тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар беришича, Сайдимурод Исмоилов 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия (ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт) институтини ҳамда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. 

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Сайдимурод Исмоилов кўп йиллар давомида тиббиёт соҳасида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, 17-сонли шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори ўринбосари, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизматининг соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари гуруҳи бош консультанти лавозимларида ишлаган. Тайинловдан аввал эса Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўлинмаси шўъба мудири лавозимини эгаллаб келган.

Унга, аввало, мамлакат ҳудудларидаги барча аҳолига сифатли ва халқаро талаблар асосида ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, ихтисослик бўйича касалликлар профилактикаси бўйича стратегия ишлаб чиқиш, ташхис қўйиш ҳамда уларнинг олдини олишда самарали ёндашувлардан унумли фойдаланиш каби вазифалар юкланди. 

Бундан ташқари, у хирургия соҳасида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни татбиқ этиш, ёш малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш сингари вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу тиббиёт муассасасида директор лавозимида ишлаб келаётган академик Феруз Назиров марказ директорининг маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди.