Ўзбекистон | 21:28 / 16.10.2020
18085
4 дақиқада ўқилади

ССВ коронавирус беморларини даво стандартларисиз кўр-кўрона даволаш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хусусий клиникаларда коронавирусга чалинган беморларни белгиланган тартибларга риоя қилмасдан даволаш ҳолатлари учраётгани, бунинг оқибатида беморларнинг аҳволи оғирлашиб қолаётгани ҳақида хабар берди.

«Президентимизнинг 2020 йил 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан хусусий шифохоналарга коронавирус инфекциясига чалинганларни даволашга рухсат берилган эди.

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомда ҳам нодавлат тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган диагностика ва даволаш стандартларига, санитария-эпидемиология қоидаларига қатъий риоя қилиши лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Ушбу ҳужжатларга асосан, хусусий шифохоналар мураккаб вазиятни юмшатишда яқиндан ёрдам бериб, тегишли даволаш стандартлари ва тавсиялари асосида коронавирусга чалинганларга тез ва сифатли тарзда тиббий хизмат кўрсатишаётгани чинакам эътирофга ҳақли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясини аниқлаш ва даволашда белгиланган тартибларга риоя қилинмаса, ҳуқуқий таъсир чоралари мавжуд эканлигини хусусий шифохоналарга мунтазам равишда эслатиб келмоқда. Аммо шунга қарамасдан, айрим хусусий шифохоналарда коронавирусга чалинган беморларни даволашда тасдиқланган стандартларга риоя қилмаслик натижасида жиддий ва қалтис хатоларга йўл қўйилаётгани маълум бўлмоқда», дейилади вазирлик хабарида. 

Мисол учун, коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланаётган хусусий шифохоналар фаолияти юзасидан ретро-проспектив текширувлар ўтказилганда, олий тоифали пульмонолог З.Ю. томонидан бир оиланинг 3 аъзосига, аҳволи енгил даражада бўлишига қарамасдан, 12 турдаги (!) дори воситаси («Аскорбин» кислота, «Бактазон», «Моксив», «Дексаметазон», «Вобэнзим», «Тромбонет», «Курантил», «Ларитидин», «Флюконазол», «Амброксол», «Цинк», «Верошпирон») тавсия қилингани қайд этилган. 

Шунингдек, бошқа бир хусусий шифохонада фаолият юритган оториноларингология ихтисослиги бўйича 2-курс клиник ординатори И.Б. айрим беморларга, улар касалликнинг енгил даражасини ўтказаётганига қарамасдан, бир вақтнинг ўзида 10га яқин («Цефепим», «Ацикловир», «Дексаметазон», «Амброксол», «Клексан», «Курантил», «Кардиомагнил», «Верошпирон») дори воситаларини ҳамда ингаляция учун «Декосан» + «Дексаметазон» + «Димедрол» дори воситалари аралашмаларини тавсия қилгани аниқланган.

Иккала ҳолатда ҳам беморлар аҳволи ёмонлашгани сабабли Республика вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. 

Шунингдек, сўнгги бир ярим ой мобайнида хусусий шифохоналардан биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жами 17 нафар бемор белгиланган даво стандартларига амал қилинмагани, меъёридан ортиқ миқдорда антибиотик ва бошқа тавсия этилмаган турли хил инфузион дори воситалари қўллангани учун оғир аҳволда кўчирилгани маълум бўлган. Бу каби беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналари ва вазирлик тасарруфидаги бошқа даволаш муассасаларига ҳам ётқизилган. 

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан пойтахтимизда ўтказилган текширув натижалари бўйича 4та хусусий шифохонага берилган лицензия тугатилди, 2тасида лицензиянинг амал қилиш муддати 10 кунга тўхтатилди, яна 2тасига эса камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид