Ўзбекистон | 18:01 / 17.10.2020
4956
4 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов: Пандемия чоғида туристик инфратузилма яратиш ишларини бир зумга ҳам тўхтатганимиз йўқ

18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни 1998 йилдан буён кенг нишонланиб келмоқда. Кўҳна шаҳарнинг бу йилги байрами арафасида шаҳарда бир қатор янги объектлар ишга туширилди.

Жумладан, «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг бутунлай таъмирланган янги кампуси, 109 йиллик тарихга эга А.С.Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг тўлиқ таъмирдан чиққан биноси, Самарқанд туманидаги туристик қишлоққа айлантирилаётган Конигил маҳалласи, шаҳардаги гастрономик кўчага айлантирилган Орзи Маҳмудов кўчаси.

Барча янги объектларнинг очилиш маросимида бош вазир ўринбосари, туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этишди.

Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбирига пандемия чоғида анча оқсаб қолган туризм соҳасини яна жонлантириш борасидаги фикрларини сўзлаб берди.

— Ҳақиқатан ҳам пандемия даврида туризм энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири бўлди. Президентимиз шу соҳага кўмак берувчи, пандемиядан ўтиш даврида бу соҳани янада тезроқ ривожлантиришга қаратилган бир нечта фармон ва қарорлар имзолади.

Битта муҳим йўналиш, туризм соҳасининг келажак ривожига пойдевор бўладиган нарса — бу, албатта, таълим. Яъни малакали мутахассислар тайёрлаш. «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг янги кампуси очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Самарқандда жойлашган Конигил қишлоғига туристик қишлоқ мақомини беришимиз ҳам соҳа ривожи сари қўйилган катта қадам, деб баҳоласак бўлади.

Бу қишлоқда ноёб бўлган Самарқанд қоғозини қадимий усулда ишлаб чиқариш, миллий таомларимиз, заргарлик ва бошқа ҳунармандчилик — ҳаммаси намоён этилади. Дастлабки босқичда 800 метрлик туристик маршрут яратилиб, келажакда шунга қўшимча равишда жами 3,3 километрлик туристик маршрут яратилади.

Умуман олганда, битта нарсага алоҳида бир эътибор қаратиш керак — бу инвесторлар билан ишлаш. Ҳозир кўплаб чет эллик ва маҳаллий инвесторларимиз янги туристик лойиҳаларга ўз қизиқишини билдирмоқда. Бу соҳадан тадбиркорлар ва аҳоли ҳам даромад кўришни кўзлаб турибди.

Бу дегани — биз уларга муносиб шарт-шароитларни яратиб бердик, керак бўлса давлат томонидан солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Буларнинг ҳаммаси соҳанинг равнақига хизмат қилади. Умуман олганда, бугун ОАВ вакиллари ҳам Конигил қишлоғига келиб, бу ерда қандай улкан ишлар амалга оширилаётганини ўз кўзлари билан кўрмоқда.

Азиз Абдуҳакимов

Ҳозирда Самарқандга аксар тарихий обидалар, маданий меросимизни томоша қилиш учун келишаётган бўлса, яқин келажакда Конигил қишлоғи янги бир туристик йўналиш ёки маконга айланади. Бу эса Самарқандга келган туристлар вақтининг шаҳарда кўпроқ ва мазмунли ўтишига ҳам хизмат қилади дегани.

Биз янги туристик объектларни, янги туристик маконлар яратишни бир зум тўхтатмадик. Айтайлик, мана, меҳмонхоналар қурилиши, бирортаси тўхтагани йўқ. Негаки давлат томонидан, шахсан президентимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Мана, бугун ҳам кўриб турибсиз, пандемия даврида ҳам янги туристик объектлар, янги меҳмонхоналар очилмоқда.

Айтмоқчиманки, туризм барибир ўз ўрнини топа олади ва пандемия якунлангандан кейин бу соҳани жуда тез суръатда ривожлантиришни режалаштириб турибмиз.

Ҳозирги кунда ҳам туристлар қабул қилиш бўйича тегишли янгиликлар бўлмоқда. Энг асосий талаб — хориждан келаётган туристларда COVID-19 йўқлиги тўғрисида ёки унга нисбатан организмда антитаналар борлиги тўғрисида тегишли маълумотномалар билан Ўзбекистонга кириб келиши мумкин. Шу ҳолатда уларни 14 кунлик карантиндан озод этганмиз.

Улар якка тартибда эмас, туристик гуруҳ кўринишида Ўзбекистонга бемалол келиши мумкин. Бундан ташқари, яна бир муҳим нарса — биз Uzbekistan Safe travel guarantee, яъни Ўзбекистонга келгандан кейин туристларнинг санитар-гигиеник хавфсизлигини таъминловчи алоҳида тизим яратганмиз. Бу тизим хорижлик меҳмонларнинг коронавирус инфекциясига чалинмаслигини кафолатлайди.

Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.

Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид