Ўзбекистон | 14:23 / 17.10.2020
6643
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда сўз эркинлиги, ОАВ ролини оширишга бўлган сиёсий ирода қатъий». Содиқ Сафоев Freedom House тузган рейтинг ҳақида гапирди

Бугун, 17 октябрь куни, «Ўзбекистон — БМТ: муҳим ташаббуслар ва ҳамкорлик натижалари» мавзусида навбатдаги халқаро пресс клуб сессияси бўлиб ўтди. 

Унда журналистлар томонидан Freedom House нодавлат ташкилотининг интернетдаги эркинликка доир «Freedom on the Net 2020» анъанавий ҳисоботи тақдим этилгани ва ушбу рейтингда Ўзбекистон охирги ўнликдан жой олгани таъкидланди ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида қандай аҳамиятга эга эканлиги борасида савол билан мурожаат қилинди.

Савол юзасидан Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев фикр билдирди. У бу борада Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларни ҳар хил баҳолаш мумкинлигини таъкидлади.

«Ўзбекистонга энг танқидий муносабатда бўлган танқидчилар ва кузатувчиларнинг фикрича, бизда охирги 4 йилда ОАВнинг тутган ўрни батамом ўзгарди. Буни инкор қилиш мумкин эмас. Бугунги кунда журналистлар, блогерлар кўтарган мавзулар юзасидан амалдорлар чоралар кўришяпти, ҳукумат керак бўлса қарорлар қабул қиляпти. Агар бугун жойларда бирон масала кўтарилса, ўша заҳотиёқ маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотлар муносабат билдиряпти, ҳал қилишга ҳаракат қилишяпти. 

Лекин тан олиб айтишимиз керакки, олдинги даврнинг инерцияси ҳали ҳам менталитетимизда сақланиб турибди. Президент ўз нутқларида ОАВ эркинлиги ҳақида тез-тез таъкидлайди. «Агар бирон раҳбар ОАВ билан ишлашни истамаса, биз ўша раҳбар билан хайрлашамиз», деган фикрларни такрорлайди. 

Freedom House томонидан Ўзбекистонда интернет эркинлиги борасидаги баҳолари бўйича аниқ фактлар масъул ташкилотларга тақдим этилса, бу борада қатъий чоралар кўрилади. Ўзбекистонда сўз эркинлиги, ОАВ ролини оширишга бўлган сиёсий ирода қатъий ва буни ҳаммамиз муҳим эканлигини тушунамиз. Барча давлат ташкилотлари бу борада жиддий ишлашимиз керак. Бу жуда жиддий масала», – дея Содиқ Сафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Freedom House нодавлат ташкилоти интернетдаги эркинликка доир Freedom on the Net 2020 анъанавий ҳисоботини тақдим этганди. Унда Ўзбекистон интернет эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида қайд этилган.

Тадқиқотчилар ўзбек интернет-медиасидаги цензурага тўхталиб, ҳолатни 4 баллдан 1 баллга баҳолаган. Сардоба фожиасига давлат телевидениесининг муносабатини радиоэфирда танқид қилган икки журналист ишдан бўшатилгани, техноген офат ҳақида Facebook'да ёзган ЎзА журналисти ҳам ишдан бўшагани, Telegram каналида Сардоба ҳақида ёзган блогер АОКАдан унга қўнғироқ бўлганини айтгани, Facebook юзерларидан бири мансабдорни ҳақоратлагани учун 10 суткага қамаб қўйилгани каби ўнга яқин воқеалар санаб чиқилган.

Мавзуга оид