Республика Маънавият ва маърифат маркази барча медиа маҳсулотларни маънавий экспертизадан ўтказишини эълон қилди. Бу эса кескин танқидларга сабаб бўлмоқда. Экспертиза миллий менталитет ва қадриятлар ҳимоячиси бўлиши айтилган, лекин фаоллар қамров кенгайиб, цензурага айланиб кетишидан хавотирда.
Kun.uz мавзу юзасидан марказ вакили ва фаоллар иштирокида суҳбат ўтказди. Ижтимоий тармоқларда маънавий экспертиза давлат сиёсатига мос келмайдиган, ҳукуматни жиддий танқид қилувчи материалларни йўқ қилиш кампанияси сифатида қабул қилинмоқда. Яна бир кутилма эса экспертиза баҳонасида цензуранинг кучайишидир. Республика Маънавият ва маърифат маркази икки қарашни ҳам кескин рад этади, ташаббускорлар фикрича, бу текширув объектида – бутун халқимиз ва айниқса ёшлар, болалар манфаатлари турибди.
Медиа маконда тарқатилаётган материалларнинг тури ва жанри кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эмас, миллий қадриятларимизга мос келмайди. Маънавий экспертиза шу каби материаллар берилишининг олдини олиш, уларнинг софлиги ва миллий ахлоқимизга мослигини таҳлил қилиб боришни мақсад қилган, дейди муаллифлар.
Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, қилиниши керак бўлган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар бусиз ҳам талайгина. Мустақилликдан кейин узоқ йиллар олиб борилган “миллий ғоя” кампаниябозлигидан бугун аниқ бирор натижани кўрсатиш мушкул. Миллий қадриятлар, миллий ўзликка боғланган ҳар қандай ташаббуслар аввало қонунларга мос келиши лозим. Экспертизани жорий қилиш учун аниқ таҳлил ва ҳисоботлар керак бўлади, медиа маҳсулотлар аҳоли онгига жиддий таъсир ўтказиб, бунинг оқибатлари оғир бўлаётганини исботловчи далиллар бормиканки, медиа маҳсулотлари экспертизадан ўтказиши керак, дейди Ташанов.
“Биринчи низом тасдиқлангани айтилди, жамоатчиликнинг кескин қаршилигига учрагач, ташаббускорларнинг чекинганига гувоҳ бўлдик. Агар биз ҳуқуқий-демократик давлат бўлсак, биринчи навбатда қонунларга мурожаат қилиш керак ва бу қанчалик қонунларга тўғри келади? Радикаллашув бўйича диний экспертиза керакдир, лекин маънавий экспертиза нима? Эртага кимдир маиший экспертиза талаби билан чиқса-чи? Сўз эркинлигига дахл қилувчи ҳар қандай қадамларни қоралаймиз”, - Абдураҳмон Ташанов.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти файласуфи Шаҳло Аҳророва фикрича, бу бирдам қилинган иш эмас. Глобаллашув мафкуралар урушини келтириб чиқарди, одамлар онгини қуроллар билан эмас, ғоялар билан эгаллаш осонроқ, дейди у.













