Kun.uz мухбири жамоат транспортида тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш мажбурийлиги юзасидан метро йўловчилари фикрини ўрганди.

Камера қаршисида гапирган йўловчиларнинг аксари янги тартибга қарши эмаслигини билдирди. Чунки қўлқоплар бепул тарқатилмоқда.

Айрим фуқаролар эса мажбурий қўлқопда бўлиш тартибига нисбатан салбий фикрда эканини билдирди.

«Қўлқоплар қўл терлашига сабаб бўляпти. Фуқаролар жамоат транспортидан фойдаланиб бўлгач, қўлқопларини ечади. Терлаган қўлга кўпроқ микроблар ёпишади. Шунингдек, қўл териларда ҳар хил ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бу тартибдан кўра фуқароларга шахсий гигиена қоидаларини, доим қўлни совунлар ва антисептик воситалар орқали тозалаб юришни тарғиб қилиш яхшироқ эмасми?» – дейди йўловчилардан бири.

Наврўз Ашурматов

Транспорт вазирлиги: «Ўзбекистонлик эпидемиологлар ва хориж тажрибаси ўрганилди»

Kun.uz қарор ташаббускори Транспорт вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг маълум қилишича, йўловчиларга тарқатиладиган тиббий қўлқоплар транспорт корхоналари ҳисобидан харид қилинади. Аммо метрополитен ва «Тошшаҳартрансхизмат»нинг бу харажатлари қоплаб берилади.

«Асосий мақсадимиз – коронавирус ва бошқа юқумли инфекциялар тарқалишини минимал даражага тушириш. Бу тартибни жорий этишда санитария-эпидемиология маркази ходимларининг тавсияси ва хориж тажрибаси ҳам ўрганилди. Масалан, Москвада ҳам шу тартиб жорий этилди.

Қўлқоплар йўловчилар ҳисобидан эмас, транспорт корхоналари томонидан сотиб олинмоқда. Ҳар бир қўлқоп жуфти 56 сўмга тушяпти. Метрополитен ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» корхоналарининг молиявий хўжалик иши ой якуни бўйича қўлқоп учун кетган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Яъни Инқирозга қарши кураш жамғармасидан ташкилотларга ўтказиб берилади», – дейди Транспорт вазирлиги расмийси.

Ашурматов Kun.uz'нинг жамоат транспорти корхоналарига қўлқопларни ким етказиб бермоқда, деган саволига айни пайтда унда бу ҳақда маълумот йўқлигини айтиб, кейинроқ жавоб беришга тайёрлигини билдирди.