Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳрида янги болалар тиббиёт маркази фаолиятини бошлади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда қурилган Болалар миллий тиббиёт маркази расман иш бошлагани ҳақида хабар берди.
«Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари доим ижобий натижаларга сабаб бўлиб келган. Тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қад ростлаган Болалар миллий тиббиёт маркази ушбу ҳамкорликнинг яққол намунаси дейиш мумкин.
Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилди. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20 май куни қурилиши якунланган миллий марказга ташриф буюриб, тегишли таклиф ва тавсияларини бериб ўтган эди.
Болалар миллий тиббиёт марказининг расман иш фаолияти бошлангани муносабати билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар ушбу тиббиёт марказининг аҳамиятини яна бир бор таъкидладилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон ва кореялик меҳмонлар, шунингдек, тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Корея Республикаси тиббиёти дунёда ўз ўрнига эга. Кўплаб мамлакатлардан у ерга ёрдам олиш учун бораётганларнинг салмоғи ҳам бунга исбот бўла олади. Корея билан ҳамкорликда қурилган, юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатувчи бу марказни Марказий Осиёда ягона болалар тиббиёт муассасаси, десак муболаға бўлмайди.
Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.
Тўрт қаватли даволаш корпуси 280 ўринга эга, марказ таркибидаги поликлиника кунига 250 нафаргача бемор қабул қилиш имкониятига эга. Марказ магнит резонансли томография, мультиспирал компьютер томография, замонавий лаборатория ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Тиббиёт муассасасида йилига 1500дан кўпроқ мураккаб ва ноёб амалиётларини бажариш имконияти мавжуд», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Қайд этилишича, тиббиёт марказининг қурилиши ва жиҳозланиши билан бир қаторда, марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилган. Жумладан, бу ерда фаолият юритиш учун 100 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар Корея Республикасида малака ошириб қайтган.
Марказда болалар тиббиётининг турли йўналишлари бўйича инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, телемедицина орқали узоқ ҳудудлардаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади.
Ушбу марказ ҳудудида Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази ва тиббиёт олий ўқув юрти бунёд этилиши режалаштирилган. Бу билан йирик тиббиёт комплекси ташкил этилиб, шу орқали тиббиёт тизимининг ҳам илмини, ҳам амалиётини энг илғор стандартлар даражасига кўтариш кўзланмоқда.

Болалар миллий тиббиёт марказида педиатриянинг барча йўналишларида диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия, гемодиализ каби соҳаларни ривожлантириш, болалар касалликлари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хорижий илмий-тадқиқот тиббиёт марказлари, клиникалар ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.







Мавзуга оид
21:46 / 12.12.2025
«Электрон рецепт». ССВ жамоатчиликни қизиқтираётган муҳим саволларга жавоб қайтарди
17:57 / 13.11.2025
Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон тиббий картаси яратилди
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024