Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МИБ Зангиотадаги ҳолатга изоҳ бериб, энди энергоресурслар билан шуғулланмаслигини эслатди
Мажбурий ижро бюроси 19 октябрь куни Kun.uz'да эълон қилинган «Зангиотада 1200 та уй электрдан узилган. Фуқаролар нореал қарздорликдан, электр корхонаси бошлиғи МИБ ходимларидан шикоят қилди» номли мақолага муносабат билдирди.
Муносабатда ҳолат бўйича текшириш ўтказилгани ва эндиликда бу соҳа билан бюро шуғулланмаслиги айтилади.
«МИБ Зангиота тумани бўлимининг собиқ давлат инспектори А.К. томонидан жорий йилнинг 26 июнида Зангиота тумани «Файзли» маҳалласи Янги ҳаёт кўчаси 32-уйда яшовчи фуқаро Б.Абдуллаевдан сарф қилинган электр энергияси учун 700 минг сўм нақд пулни ундириб, истеъмолчининг дафтарига 700 минг сўм қайд этган. Лекин техник хатолик билан термопринтер орқали 70 минг сўм чек пул маблағи урилгани аниқланган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг қолган пул маблағлари унинг электрон ҳисоб рақамига тушириб берилган. Шунга қарамасдан А.К.нинг бошқа истеъмолчилар билан ундирувдаги муносабатлари ҳам ўрганилиб, қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 18 июндаги «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш вазифа ва функциялари 1 августдан Энергетика вазирлиги зиммасига ўтказилиши белгиланган. Эндиликда ушбу вазифалар мазкур вазирлик томонидан тизимли равишда олиб борилади, деб ҳисоблаймиз.
Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖда тубдан қайта қуриш амалга оширилди. Қолаверса, электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтилди. Умид қиламизки, соҳадаги юзага келаётган муаммоларни ушбу вазирлик ва унинг таркибидаги тузилмалар ижобий ҳал қилишади, юзага келаётган масалаларни эндиликда МИБ органларига юклаш мавриди эмас ва бу масала 1 августдан муқаррар ҳал этилган», – дейилади Мажбурий ижро бюроси муносабатида.