Ўзбекистон | 20:45 / 21.10.2020
15121
6 дақиқада ўқилади

Табиий газ қазиб олишни кўпайтириш ва ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди

Саноат тармоқларидаги натижалар ва қўшимча имкониятлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Пандемия оқибатлари саноат ишлаб чиқариш суръатларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу боис давлатимиз томонидан ҳар бир тармоқни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Карантин даврида ҳам ишлаб чиқариш давом этди. Буларнинг натижасида саноатда юзага келиши мумкин бўлган жиддий йўқотишларнинг олди олинди.

Эътиборлиси, иқтисодиётда юқори қўшилган қийматни таъминловчи қайта ишлаш саноатида 9 ойда қарийб 3 фоиз ўсиш қайд этилди. Хусусан, электр техникаси ишлаб чиқариш 25 фоиз, тўқимачилик маҳсулотлари 12 фоиз, металл рудалари қазиш 7 фоиз ва қурилиш материаллари 6 фоизга ўсди.

Шунингдек, автомобиллар 1,5 баравар, электр техникаси маҳсулотлари 1,3 баробар, тўқимачилик товарлари 16 фоиз, мис сим 15 фоиз кўп экспорт қилинди.

Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 0,4 фоиз ижобий даражада сақлаб қолинди ва бюджет даромади 1,9 триллион сўм ортиғи билан бажарилишига эришилди.

Шу билан бир қаторда, айрим тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани оқибатида саноат маҳсулотлари бўйича умумий кўрсаткич 2,7 фоизга камайган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда бунга сабаб бўлган омиллар танқидий таҳлил қилиниб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, саноат тармоқлари ва ҳудудларда яна қандай захиралар борлиги, уларни ишга солиш учун нималар қилиш кераклиги батафсил муҳокама қилинган.

«Саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар бор. Маҳсулотлар таннархини тушириш керак. Бу рақобат муҳитини яратишнинг муҳим асосидир», – дея таъкидлаган президент.

Аввал нефть-газ тармоғидаги ишлар таҳлил қилинган. Қолоқликка йўл қўйган корхоналар фаолияти танқидий баҳоланиб, раҳбарларнинг лавозимларига лойиқлик масаласи кўриб чиқилган.

Йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилган. Шунингдек, 740 минг тонна нефть ва конденсат қазиб олиш, 203 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган.

«Ўзкимёсаноат» корхоналарида ҳали резервлар мавжудлиги, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланган. Қўқон суперфосфат заводининг биринчи босқичини модернизация қилиш, «Навоийазот» акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид комплексини ишга тушириш чоралари белгиланган.

«Ўзавтосаноат» бошқарувига ўтган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида трактор ва сеялкалар ишлаб чиқариш 2 баробар камайгани кўрсатиб ўтилган. IV чоракда автомобиллар ишлаб чиқаришни 62 мингтага етказиб, 165 миллион долларлик экспорт қилиш, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни хорижий бозорларга сотишни йўлга қўйиш зарурлиги айтилган. Халқаро экспертлар билан бирга автомобиль саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

«Қурилиш материаллари, электр техникаси ва енгил саноатда ҳам ҳали ишлатилмаган захиралар бор.

Масалан, қурилиш материаллари бўйича йил якунигача 11 та лойиҳа амалга оширилади. Бу орқали янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб ва мавжуд корхоналар қуввати оширилиб, импорт ўрнини қоплашга эришилади». дейилади хабарда.

Электр техникаси саноатида 12 хил маҳсулотни маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилган. Давлат раҳбари ушбу қувватларни тезроқ ишга тушириб, рақобатни таъминлаш, товарлар нархини арзонлаштириб, экспортни кенгайтириш муҳимлигини айтган. 

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига мавжуд қувватларни тўла ишга солиш, 100дан зиёд янги корхонага АҚШ ва Европада тан олинган халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиб, уларни экспортга жалб қилиш вазифаси қўйилган.

«Бозор механизмлари тўлиқ кириб бормаган тармоқларни трансформация қилиш долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис президентимиз саноат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, халқаро бошқарув тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди», дейилади хабарда.

Йиғилишда ҳудудий саноат корхоналарида мавжуд резервлардан фойдаланиб, қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Ўтган 9 ойда маҳаллийлаштириш борасида 55та ҳудудий лойиҳа ижроси кечиккан, 144та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш ҳажми таъминланмаган. Оқибатда 720 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконияти йўқотилган.

Тегишли вазирлик ва ҳокимликларга қолоқликка йўл қўйилган лойиҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, импорт ўрнини босувчи янги истиқболли йўналишларни ўрганиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Умуман, қолган уч ойда қиймати 7 миллиард долларлик 80та тармоқ ва 44та ҳудудий йирик лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги таъкидланган.

Йиғилишда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

«Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қуватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади», – деган Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир ўринбосарларига бу борадаги вазифаларни тезкор, самарали ва манзилли ҳал қилиб бориб, йил якунига белгиланган кўрсаткичларни таъминлаш бўйича топшириқлар берилган.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳисобот берган.

Мавзуга оид