Жаҳон | 16:34 / 22.10.2020
10260
2 дақиқада ўқилади

Болалар сут идиши силкитилганда, миллионлаб зарралар ажралиши аниқланди. Бу саломатлик учун хавфлими?

1 литрли озиқлантирувчи пластик идишда болалар озуқаси тайёрланганда 4 миллион кичик пластик зарралар идиш ичига ажралиб чиқиши аниқланди. Ушбу микропластиклар болалар саломатлигига хавф солиш-солмаслиги ҳақида эса ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Фото: Getty Images

Ирландияда олимлар болалар озуқасининг идиши қайнатилганда ажралиб чиқадиган микропластикларни текшириб кўришди.

Тадқиқотчилар янги пластик идишларни тозалаб стерилладилар. Сўнг идишни қуритиб, унга 70°C даражада (болалар сут аралашмасини тайёрлаш учун ЖССТ томонидан тавсия этилган ҳарорат) қизиган сув қуйдилар.

Озуқани аралаштириш учун идишларни бир дақиқага механик чайқатгичга қўйдилар. Тайёр бўлган сув фильтрланиб, микроскопда таҳлил қилинганда 1 литрга ўртача 4 миллион микропластик зарралар оқиб тушаётгани аниқланди.

«Бундай миқдорда зарралар ажралиши бизни ажаблантирди. Илгари пластикларнинг бундай тез емирилиши аниқланмаган», – дейди тадқиқотчи Жон Боланд.

Тадқиқотчилар сувни юқорироқ ҳароратда қайнатиб кўришганда, заррачалар тўкилиши тезлашгани аниқланди. Бу эса пластикнинг емирилиши ҳароратга боғлиқлигини кўрсатади.

Шунингдек, пластик чой пакетлари ҳам стаканга миллиардлаб микропластик зарралар туширади. Aммо микропластикларни истеъмол қилиш инсон саломатлигига таъсир этадими ёки йўқми, ҳали ҳам аниқ эмас.

Одатда зарарли бактерияларни йўқ қилиш учун идишларни стерилизация қилиш ва болалар аралашмасини қиздириш тавсия этилади.

«Боланинг соғлиғи учун кўпроқ бактерия хавфлими ёки пластик бўлакчаларми? Аввало шу саволга жавоб топишимиз керак», дейди нидерландиялик олим Ингебор Кютер.

Тадқиқот хулосасида айтилишича, агар ота-оналар пластик идишнинг зарарсизлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишмаса, озуқани алоҳида пластик бўлмаган идишда тайёрлаб, стерилизациядан сўнг чақалоқнинг идишига солишлари мумкин.

Мавзуга оид