Ўзбекистон | 09:25 / 12.09.2023
4898
2 дақиқада ўқилади

1 январдан давлат боғчаларида болаларга витамин ва минераллар билан бойитилган сут берилиши йўлга қўйилади

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланади.

Фото: Муқимжон Қодиров / ЎзА

Президент “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:

ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
“хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

2024 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларида эксперимент тариқасида, барча бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан таъминланади, келгусида мазкур тажриба республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади.

Банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид