Ўзбекистон | 22:01 / 22.10.2020
4750
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда магистрал қувурларининг 38 фоизи, ичимлик суви қудуқларининг  29 фоизи таъмирталаб аҳволда экани маълум қилинди

Сенатор Малика Қодирхонованинг айтишича,ичимлик суви магистрал қувурлари ва тармоқларининг 38 фоизи, фойдаланилаётган 12 мингдан ортиқ ичимлик суви қудуқларининг 29 фоизи таъмирталаб аҳволда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Сўнгги икки йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун бюджетдан 3,7 трлн. сўм ажратилган, 48 та лойиҳага 1,9 млрд. доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Натижада мамлакат бўйича 1 734 та иншоотда 6 463 км. ичимлик ва 300 км.гаяқин оқова сув тармоқлари тортилган.

Мажлисда ўрганишлар ҳудудларда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги талаб даражасида эмаслигини кўрсатгани таъкидланди.

Жумладан, мамлакат  ичимлик суви иншоотларининг умумий қуввати суткасига  11,8 млн. метр кубдан иборат бўлса-да, амалда унинг 60 фоизидан фойдаланилмоқда.

Умумий узунлиги   70,3 минг км. бўлган ичимлик суви магистрал қувурлари ва тармоқларининг 38 фоизи, фойдаланилаётган 12 мингдан ортиқ ичимлик суви қудуқларининг  29 фоизи таъмирталаб  аҳволда.

Шунингдек, 2 мингта ёки 20 фоиз  сув насослари ишдан чиққан. Шаҳарларнинг фақат 79 таси, яъни 57 фоизида канализация тизими мавжуд бўлиб, уларнинг ҳам 23 фоизи таъмирга  муҳтож», дея  сенаторнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Сенаторлар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув хизматини яхшилаш бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишда жиддий хато ва камчиликлар мавжудлигини танқид қилишди.

Қайд этилишича, иншоотлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари жойига чиқиб ўрганилмасдан, назорат ўлчовлари ўтказилмасдан, бажарилиши лозим бўлган иш ҳажмлари ҳужжатда тўлиқ акс эттирилмасдан, ичимлик суви манбаларига аниқлик киритилмасдан ишлаб чиқилиш ҳолатлари оқибатида самарасиз харажатларга йўл қўйилган.

«Тизимда соғлом рақобат муҳити шакллантирилмаган, лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар қонун ҳужжатларига зид равишда танланган. Оқибатда иншоотларнинг қурилиб ишга туширилмаслиги ёки қурилиш-монтаж ишларининг охирига етказилмаслиги, маблағларнинг самарасиз ишлатиб юборилиши каби ҳолатлар юзага келган. Қурилишларнинг натижадорлигини назорат қилиш тизими талабга жавоб бермайди. Фойдаланишга топширилган айрим иншоотлар сув таъминоти корхоналари томонидан самарасиз ишлатилган, оқибатда аҳолига ичимлик суви етказиб берилмаган.

Давлат  бюджети, халқаро молиявий институтлар ва бошқа манбалардан жалб қилинган маблағлардан фойдаланишнинг очиқ, шаффоф тизими яратилмаган, маблағлардан фойдаланишнинг ҳолати бўйича ҳисобот бериш ҳамда қарз маблағларини қайтариш тизими йўлга  қўйилмаган.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатларида белгилаб берилган вазифалар ўзвақтида бажарилмаган.

Хусусан, 2018 йил 30 ноябрда президент  қарорида кўзда тутилган 2019 йил 1 июлга қадар Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сувтаъминоти ва канализация тизимларини Осиётараққиёт банки консультантларини жалб қилган ҳолда, давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш тўғрисидаги топшириқ ўз вақтида бажарилмаган», дейди  Малика Қодирхонова.

Сенаторнинг айтишича, 2019 йил 29 апрелдаги президент қарори билан топшириқнинг ижро муддати жорий йилнинг 1 июли этиб белгиланган бўлса-да, тендер ғолиблари билан шартномаларни расмийлаштириш ишлари бажарилмасдан қолган. Бундан ташқари, у “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш ваколати берилган бўлса-да, айрим ҳудудларда ушбу ваколатлар йиллар давомида бажарилмасдан қолаётганини билдирди.

Шу жиҳатдан аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид