Юлий Цезардан мерос анъана. Пенсия тўлаш тарихи ва энг кўп пенсия тўловчи давлатлар ҳақида
Бугун дунёнинг қарийб барча давлатларида кекса ёшдагиларга пенсия тўланади. Давлатларда пенсияга чиқиш ёши турлича. Шунингдек, аксарият давлатларда аёллар ва эркакларнинг пенсияга чиқиш ёшлари фарқ қилиб, аёллар эркаклардан олдинроқ пенсияга чиқади.
Қадимги Римдан бошланган анъана
«Пенсия» сўзи лотинча «pension» – тўлов сўзидан олинган. Тарихда илк пенсия Рим империясида Юлий Цезарь томонидан тўланган. Шунингдек, ҳазрати Умар (разияллоҳу анҳу) халифалиги даврида ҳам одамларга нафақа тўлаш жорий қилинган. Ўрта асрларда пенсия биринчи марта 1673 йил Францияда ҳарбий денгиз флоти зобитларига тўланган. 1790 йил Буюк француз революцияси пайтида «Пенсия тўғрисида» қонун қабул қилинган. Унга кўра, ёши 50 дан ошган ва 30 йил меҳнат стажи бўлган давлат хизматчилари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган.
1825 йилда Пруссияда давлат амалдорларига пенсия тўлаш учун илк пенсия фонди тузилди.
Оммавий пенсия тўлаш. Ким қачондан бошлаган?
Оммавий тарзда барчага пенсия тўлаш тартиби Германияда 1889 йилдан бошланган. Кейинчалик бу тартиб Европанинг бошқа давлатларида ҳам жорий қилинади. Жумладан, Данияда 1891 йил, Янги Зеландияда 1898 йил, Австралияда 1908 йил, Буюк Британияда 1908 йил, Францияда 1910 йил, Нидерландия ва Швецияда 1913 йилдан бошлаб оммавий пенсия тўлаш тизимига ўтилган.
Илк пенсиялар пенсия суғуртасини тўлаган ҳолда ишлаб кексайган, боқувчисини йўқотган, иш жараёнида ногирон бўлганларга тўланган.
Оммавий пенсия тўлаш тизими кейинчалик Италияда 1919 йил, Канадада 1927 йил, АҚШда 1935 йилда жорий этилади.
Японияда 1942 йил жорий этилган пенсия тўлаш тизими бироз ўтиб мамлакат II жаҳон урушида қатнашаётгани сабаб тўхтатилиб, 1954 йилдан бошлаб қайта йўлга қўйилган. Бугунги кунда «қариялар ўлкаси» Япония ЯИМ ҳажмининг 2 фоизини пенсия тўловлари учун ажратади. Чунки бу мамлакатда қари фуқаролар сони жуда кўп. Шу сабаб аёллар 65 ёшдан, эркаклар эса 70 ёшдан пенсияга чиқишга мажбур.
Пенсия тўлаш тизими Жанубий Америкада: Чили ва Уругвайда 1928 йил, Бразилияда 1934 йил, Эквадорда 1935 йил, Перуда 1936 йил, Венесуэлада 1940 йил, Панама ва Коста-Рикада 1941 йил, Мексика ва Парагвайда 1943, Колумбияда 1946 йил, Доминиканда 1947 йил, Сальвадор ва Боливияда 1949 йилда жорий қилинган.
Осиё давлатларида пенсия тўлаш тизимлари бошқа қитъаларникидан бошқачароқ. Масалан, Хитой ва Ҳиндистонда пенсия ҳанузгача фақат давлат хизматида ишлаб кексайган, ногирон бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга тўланади. Оддий фуқароларга пенсия тўланмайди. Ҳиндистоннинг ҳар бир штатида алоҳида пенсия қонунчилиги амал қилади.
Қарилар кўпайиши қўшимча харажат демак
Бугунги кунда Европа мамлакатларида демографик муаммолар туфайли кекса ёшдагилар сони ишга лаёқатли аҳоли сонига нисбатан тобора ошиб бормоқда. Масалан, Украинада 1991 йил умумий аҳолининг 18.7 фоизини пенсия ёшидагилар ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 22.1 фоизга чиқди. Демографик тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, 2036 йил Украинанинг 30 фоиз аҳолиси нафақахўрга айланади. Бу эса 16 йилдан кейинги ўзига хос «портлаш»га ҳозирданоқ тайёрланиш керак дегани.
Европа Иттифоқида ҳам ҳолат Украинаникидан яхши эмас. 2010 йил Еврокомиссия Европа Иттифоқида пенсия ёшини аёллар ва эркаклар учун бирдай 70 ёш қилиш ҳақида тавсия берди. Бунга сабаб Евроиттифоқ мамлакатларининг аксариятида демографик муаммолар бор ва аҳолининг умумий таркибида пенсия ёшидаги кексалар сони йил сайин ошиб боряпти. Туғилиш эса паст, аҳоли сони миграция ҳисобигагина ортмоқда.
Юқоридаги тавсияга мувофиқ 2016 йил Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларида пенсия ёши аёллар ва эркаклар учун 65 ёш этиб белгиланди. Келажакда 70 ёшгача кўтариш режа қилинаяпти.
Бизда нима гап?
Ўзбекистонда илк пенсия табиийки собиқ Иттифоқ даврида тўланган. СССРда 1956 йилгача пенсия аҳолининг маълум бир тоифаларига тўланган. Масалан, 1918 йил Қизил армия сафида жанг қилиб ногирон бўлганларга, 1923 йилдан бошлаб ёши кекса большевикларга, 1928 йилдан тоғ-кон ва текстиль саноатида ишлаган ишчиларга пенсия тўлаш тартиби жорий қилинган.
1930 йил «Пенсия тўлаш тартиби тўғрисида» илк қонун чиққан. 1932 йилда пенсия ёши аёлларда 55, эркакларда 60 ёш этиб белгиланган. 1937 йилдан бошлаб барча шаҳар аҳолиси бўлган ишчи-хизматчиларга пенсия тўланган. Қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар эса пенсия олмаган.
1956 йил «Давлат пенсияси ҳақидаги қонун» қабул қилинади ва СССРда барчага пенсия тўлаш тартиби жорий этилади. Янги қонунда қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган деҳқонларга ҳам пенсия тўлашни шахсан бош котиб Никита Хрушёвнинг ўзи таклиф этади. Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўшандан кейин тўлақонли пенсия ола бошлайди. Чунки бизда кўпчилик қишлоқ хўжалигида банд бўлган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Конституцияда аниқ белгилаб қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти тизими 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда ушбу Қонун асосида ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Мазкур Қонунга асосан иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмас, уларнинг ижтимоий таъминланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 7 апрелда тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ амалга оширилади. Яъни, расман меҳнат фаолиятида банд бўлмаган ва маошидан пенсия жамғармаси учун тўловни амалга ошириб бормаган ўзбекистонликлар ҳам давлат томонидан қарилик нафақаси билан вафот этгунига қадар таъминланади.
Ўзбекистонда пенсия ёши эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёш этиб белгиланган.
Бугун Ўзбекистонда пенсиядан ташқари қуйидаги ижтимоий тўловлар амалга оширилади:
- ёшга доир нафақа;
- ногиронлик нафақаси;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси;
- болаликдан ногиронлар нафақаси;
- дафн маросими учун нафақа;
- бола туғилганда бериладиган нафақа;
- қўшимча дам олиш учун нафақа;
- шунингдек, турли хил компенсация тўловлари.
Энг кўп пенсия қаерда?
Қайси давлатда энг кўп пенсия тўланиши ҳақида ҳар хил вариантлар бор. Бироқ уларнинг аксари деярли фарқ қилмайди. Мамлакатларнинг у ерда жорий қилинган пенсия тизимига қараб тузилган рейтинги бор.
Энг яхши пенсия тизимига эга давлатлар рейтингини қуйидаги мамлакатлар бошқаради: Нидерландия (81 индекс), Дания (80,3), Австралия (75,3), Финляндия (73,6), Швеция (72,3), Норвегия (71,2). Қанақасига ахир, АҚШ қани демоқчимисиз? Америка бу рўйхатда 16, баъзан 18-ўринда кўрсатилади. Бироқ АҚШ пенсия учун ҳаммадан кўп пул сарфлайди. У ўзининг дунёда тенгсиз мамлакат эканини ҳис қилган ҳолда фуқароларининг ижтимоий ҳимояси учун ҳеч иккиланмай пул сарфлайди. АҚШдаги барча пенсия жамғармаларининг умумий қиймати 9,8 триллион долларгача кўтарилган. Мамлакат федерал пенсия жамғармаси ҳисобида 2019 йил ҳисобида 2,72 триллион доллар пул бўлган.
АҚШда умри давомида ҳеч қаерда ишламай, давлатга солиқ тўламаганлар ҳам нафақа ёшига етгач, ҳар ой 300 доллардан пул олади. Табиийки, бошқа ижтимоий ҳимоя пуллари, фақатгина АҚШ фуқароси бўлгани учунгина бериладиган турли хил имтиёзлардан ташқари. Бироқ бундай миқдорда пенсия оладиган америкаликлар жуда кам. Чунки озгина бўлса-да, меҳнат фаолиятида банд бўлганлар нафақага чиққач, ойига 700 доллардан қарилик пенсиясини олишади. Шунингдек, АҚШда боқувчиси йўқ пенсионерларга махсус кўп қаватли уйларда яшаш имконияти берилади. Улар нафақаси ҳисобида ўша уйларда имтиёз асосида яшаши ва яна кўплаб қўшимча ижтимоий кўмаклардан фойдаланиши мумкин. АҚШда пенсия ёши 67 ёш этиб белгиланган.
Энг кам пенсия – 550 евро
Скандинавия яриморолидаги давлатларда ижтимоий ҳаёт жуда зўр ташкиллаштирилишидан хабарингиз бор. У ердаги мамлакатларда пенсия тизими ҳам ҳавас қиларли даражада. Масалан, Финляндияда нафақахўрларга ойига 550 евродан кам пенсия тўлаш мумкин эмас. Юқори томондан эса пенсия миқдори чекланмаган ва ҳар ким ишлаганига қараб пул олаверади.
Германиялик пенсионерларга ҳам ҳавас қилиш мумкин. Бу мамлакатда ойига 350 евродан кам пенсия тўлаш мумкин эмас. Уй-жойга муҳтож пенсионерлар давлат томонидан уй билан таъминланади. Германияда ўртача пенсия оладиган фуқаро мамлакатда белгиланган ўртача яшаш харажатларидан орттириб машина олиш ва йилига икки марта бошқа мамлакатга дам олгани бориши мумкин. Регистонда нега бунча қари европаликлар кўп эканини энди тушунгандирсиз? Уларнинг нафақаси ҳар қандай давлатга айланиб келишга имкон беради.
Испанияда ўртача пенсия ойига 700-900 еврони ташкил этади. Шунингдек, нафақахўрлар ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини арзонроққа сотиб олиши ва хорижга чиқишда арзон чипталарни харид қилиши мумкин.
Данияда камида 40 йил яшаган ва қайсидир соҳада белгиланган миқдорда меҳнат қилган фуқаро ойига ўртача 2 800 доллар пенсия олади. Кўп фуқаролари АҚШда ишчи бўлиб фаолият юритувчи Мексика ҳам пенсионерлар учун жуда яхши жой ҳисобланади. У ерда эр-хотин биргаликда ўртача 2 200 доллар пенсия олиши мумкин. Ҳа, баъзи америкаликлар пенсия ёшига яқинлашгач, Мексикага кетиши бежиз эмас.
Швейцарияда ижтимоий ҳаёт бир нечта устунларга қурилган. Ўша устунлардан бири – одил пенсия тизими. Ўртача пенсия 1 900 доллар бўлган бу мамлакатда фуқаро оладиган пенсия пули эвазига пенсиягача бўлган давридаги ҳаётининг 60 фоизини таъминлай олади. Шунингдек, бу давлатда ўзига хос эркин суғурта мавжуд. Унга кўра, иш вақтида пул жамғариб боришингиз мумкин. Пенсияга чиққач эса бу пулларни қуртдай санаб оласиз.
Францияда ўртача пенсия 1 000 долларни ташкил этади. Пенсиянинг қолган асосий қисми эса ишчининг меҳнат фаолияти давомида тўплаган ўзига хос балларига боғлиқ. Яъни, ишчи бутун фаолияти давомида пенсияси учун муҳим бўлган балларни жамғариб боради. Франция фуқароси вафот этса ҳам тўплаган пенсия пуллари қолиб кетмайди. У тўплаган пуллар турмуш ўртоғининг пенсиясига қўшиб берилиши мумкин.
Мавзуга оид
11:50 / 14.10.2021
Ўзбекистон аҳолисининг 11,5 фоизи пенсия ва нафақа олади
17:32 / 08.10.2021
Мурожаатларнинг катта қисми пенсия миқдори камлиги ҳақида. Пенсия камлиги нимага боғлиқ?
09:49 / 01.10.2021
Пенсия ва нафақа тўлаш 4 октябрдан бошлаб амалга оширилади - Пенсия жамғармаси
17:07 / 23.08.2021